Душанбе суди генерал-майор Холбаш Холбашовни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди

Холбаш Холбашов. «Барбод бўлган фитна» фильмидан кадр

Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондонининг собиқ катта маслаҳатчиси, генерал-майор Холбаш Холбашов (Холбашев) умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда журналист Анора Саркорова хабар берди.

3 август куни Душанбедаги тергов изоляторида (СИЗО) Холбашов иштирок этган Тоғли Бадахшондаги май намойишлари бўйича суд жараёни бошланди. Суд жараёнида 80 га яқин шахс иштирок этган бўлиб, уларнинг аксарияти 1,5 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Жараён ёпиқ эшиклар ортида ўтган, айбланувчилар қариндошлари суд залига киритилмаган. Саркорованинг тергов изоляторидаги манбаларига кўра, генерал Холбаш Холбашов ва йигирмага яқин одам суд мажлисида қафасда бўлган, қолган судланувчилар эса уларнинг ёнида туришган.

«Тергов остидаги ва судланувчиларнинг қариндошлари уларга қўйилган айблар борасида маълумотга эга эмаслар. Кўпчилик маҳкумлар ҳукмни суд жараёни тугагандан сўнг қамоқхоналар ва колонияларга етиб борганларидан сўнг билиб олишади», — дейди журналистк аёл.

Холбаш Холбашов 1990 йиллари Рушон туманида уюштирилган суиқасд пайтида президент Эмомали Раҳмоннинг ҳаётини сақлаб қолгани билан танилган. Энди у Тожикистон Жиноят кодексининг жиноий жамоа ташкил этиш, қотиллик, суиқасд, терроризм ва бошқа бир қатор моддалари билан айбланган.

Холбашов 18 май куни собиқ рафиқаси, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Улфатҳоним (Улфат) Мамадшоева билан бир кунда ҳибсга олинган. Орадан бир неча кун ўтиб «Тожикистон» давлат телеканали «Шикасти фитна» (« барбод бўлган фитна») номли ҳужжатли фильмни намойиш этди, унда Холбашов ва Мамадшоева ўз айбига иқрор бўлишган.