Венгрияда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси очилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Венгрияда ўзининг дипломатик ваколатхонасини очади. Бу ҳақда Республика президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 4 октябрь куни бўлиб ўтган музокаралари якунида маълум бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси бир вақтнинг ўзида Венгрияда республика манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда. Будапештда дипломатик ваколатхонанинг пайдо бўлиши икки давлат раҳбарларининг музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш зарурати билан боғлиқ, деб таъкидлайди матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти Орбан билан музокаралар чоғида сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 3 баробар ошганини таъкидлади. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 500 миллион долларга етказиш бўйича мақсадли режа бўйича келишиб олдилар.

Орбан, ўз навбатида, Венгрия Ўзбекистонни муҳим ва узоқ муддатли ҳамкор деб билишини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга янги кучли суръат бағишлаш бўйича келишувга эришилди.

Мирзиёевнинг Венгрияга икки кунлик ташрифи якунлари бўйича Ўзбекистон президенти Орбан билан икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича Қўшма баёнотни имзолаганини қўшимча қиламиз.

Ҳужжатда музокараларнинг дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани алоҳида таъкидланган, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган, шунингдек, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланади.

Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклигини янада кенгайтиришни назарда тутувчи 15 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида:

- 2023-2024 йилларга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш қўшма дастур

- Фан ва техника соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси

- Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси

- Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим

- Илм-фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим.

Бундан ташқари, божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхоналар, узумчилик, инвестициялар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида, шунингдек, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат бошқаруви университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди, Самарқанд вилояти ва Хайду-Биҳар округи, Халқаро алоқалар ахборот-таҳлилий маркази ҳамда Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг саммити бўлиб ўтади. Унда Венгрия делегацияси ҳам иштирок этиши кутилмоқда, чунки бу давлат мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ