2023 йилги Осиё кубоги 2024 йилнинг январь ойида Қатарда бўлиб ўтади. Бу ҳақдаги қарор 17 октябрь куни Осиё футбол конфедерацияси ижроия қўмитаси йиғилишида қабул қилинди.
Турнир кейинги ёзда Хитойда ўтказилиши керак эди, бироқ Хитой оғир эпидемиологик вазият туфайли турнирдан воз кечишга мажбур бўлди.
Австралия, Индонезия ва Жанубий Корея мусобақани ўтказишга қизиқиш билдирган, бироқ бу мамлакатларнинг барчаси ўз аризаларини қайтариб олишган.
Эслатиб ўтамиз, Қатар 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади, мусобақа 20 ноябрдан 18 декабрга қадар ўтказилади.
Спорт эксперти ва футбол менежери Алишер Никимбаевнинг аниқлик киритишича, Хитой 2023 йилги Осиё Кубогини қабул қилишдан бош тортиш эвазига 2027 йилги Осиё Кубогига мезбонлик қилишга даъво қилмайди.Шундай қилиб, Саудия Арабистони катта эҳтимол билан 2027 йилги Осиё Кубогига мезбонлик қилиши мумкин.
2023 йилги Осиё Кубогида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоалари билан бирга 24 жамоа иштирок этади. Тожикистон терма жамоаси учун турнирдаги иштирок дебют бўлади. Қатар эса амалдаги Осиё чемпиони ҳисобланади.