Қозоғистонга COVID-19 га қарши Pfizer вакцинаси инсонпарварлик ёрдами доирасида етказиб берилади

Arne Müseler/www.arne-mueseler.com фотосурати

Қозоғистон Pfizer/BioNTech компаниясидан коронавирусга қарши вакциналарни инсонпарварлик ёрдами доирасида олади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Ҳозир ҳужжатлар имзоланмоқда, биз инсонпарварлик ёрдами сифатида — Pfizer вакциналарини олмоқдамиз. Ўйлайманки, кейинги ҳафта бизда Pfizer вакцинасининг қанча дозаси борлигини эълон қиламиз. Ва бу эмланишни истаган барча тоифадаги аҳоли учун бўлади», — деди вазир.

Унинг аниқлик киритишича, ҳозир Қозоғистонда коронавирусга қарши 500 минг доза вакцина мавжуд — бу республикада ишлаб чиқилган QazVac ва Хитойнинг Sinopharm препаратлари.

«Ҳозирда оммавий эмлаш амалиёти йўқлиги, одамлар эмлангани, ревакцинация асосан кучайтирувчи дозалар билан амалга оширилаётгани боис, бугунги кунда эмлаш кампанияси асосан поликлиникаларда ўтказилмоқда», — дея қўшимча қилди вазир ва бир қатор мамлакатларда, жумладан, Хитой, Озарбайжон ва Исроилда коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг ортишига сабаб аҳолини эмланишга чақирди.

Бундан аввал Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Pfizer вакциналарини инсонпарварлик ёрдами тарзида етказиб берилишидан бош тортганини, чунки препарат 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларга мўлжаллангани ва бу тоифадагилар мамлакатда эмлашдан ўтказилмаслигини маълум қилганди.

Германиянинг BioNTech компанияси ва Американинг Pfizer компанияси билан ҳамкорликда яратган вакцинаси Comirnaty («Комирнати») деб номланади. Уни ишлаб чиқариш 2020 йил 10 январда бошланган. Comirnaty — ЖССТ томонидан тасдиқланган биринчи вакцина ҳисобланади ва бу 2020 йил 31 декабрда содир бўлди.

Қозоғистонда айни дамда 743 киши коронавирус инфекциясидан даволанмоқда. Ўтган кун давомида 56 нафар қозоғистонлик мазкур инфекция билан касалланган.