Эрон хавфсизлик кучлари курдлар яшайдиган ҳудудларда намойишларни бостиришни кучайтирмоқда

Twitterдан олинган фотосурат

Ўтган ҳафтада Эрон хавфсизлик кучлари мамлакат ғарбидаги курдлар яшовчи шаҳарларда ҳукуматга қарши намойишчилардан камида 30 нафарини ўлдирган. Бу ҳақда Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига таяниб, ВВC хабар беради.

Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, 20 ноябрь куни биргина Жаванруд шаҳрида (Ғарбий Кирмоншоҳ вилояти) — Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) оғир қуроллар билан жиҳозланган оддий бўлинмалари шаҳарга кириб келганидан сўнг етти киши ҳалок бўлган. Қайд этилишича, 21 ноябрь куни икки намойишчининг дафн маросими ҳукуматга қарши оммавий намойишга айланиб кетган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео муаллифи ИИҚК жангчилари «одамларга қаратиб» ўқ узаётганини таъкидлайди.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда норозилик намойишчилари ва 20 ноябрда киритилган ИИҚКнинг оддий бўлинмалари ўртасида шиддатли тўқнашувлар бўлган Маҳобод шаҳридан (Ғарбий Озарбайжон вилояти, шаҳарда асосан курдлар истиқомат қилади) кўплаб видеолар пайдо бўлди.

Ғарбий Озарбайжон вилоятининг Пираншаҳр шаҳрида ўн минглаб одамлар намойишлардан бирида ҳалок бўлган 16 ёшли Карван Гадершокрининг дафн маросимида қатнашган. «Хавфсизлик кучлари бола жасадини олиб чиқмаслиги учун унинг уйи олдига оломон тўпланган», — дейилади ВВC хабарида.

Таъкидлаш жоиз, Эронда ҳукуматга қарши намойишларда ҳалок бўлган иштирокчиларнинг деярли ҳар бирининг дафн маросими амалдаги ҳокимиятга қарши оммавий митингга айланади. Шунинг учун хавфсизлик кучлари ўлдирилган намойишчиларнинг бир нечта жасадларини олиб кетишган ва уларни оилалари ва дўстлари иштирокисиз яширинча дафн этишган.

Эронда икки ойдан бери давом этаётган норозилик намойишларига 22 ёшли курд миллатига мансуб қиз Маҳса Аминининг ҳибсга олинганидан сўнг ўлгани сабаб бўлганини қўшимча қиламиз. У Теҳрондаги ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинганидан кейин вафот этган. Гувоҳларнинг айтишича, қиз полиция зўравонлиги туфайли вафот этган.