Бишкекда биринчи Халқ Қурултойи иш бошлади

Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

25-26-ноябрь кунлари Бишкекда биринчи Халқ Қурултойи бўлиб ўтади. Тўқтўғул Сатилганов номидаги Миллий филармонияда Қирғизистоннинг барча ҳудудларидан 1072 нафар делегат йиғилди. Жумладан, Давлат котиби Суюнбек Қосмамбетовнинг сўзларига кўра, 148 нафар аёл, 26 нафар меҳнат муҳожири, ўн нафар диний конфессия вакиллари йиғилган.

Қурултойда Қирғизистон парламенти депутатлари, ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.

Тадбирда президент Садир Жапаров сўзга чиқиб, «Қурултой – аждодлардан мерос бўлиб қолган энг адолатли, энг анъанавий ва қадрли давлат бошқаруви институти» эканини таъкидлади.

«Қирғиз жўлу» бирлашган маънавият жамияти раҳбари Қодир Қўшалиев қурултой раиси этиб сайланди.

Икки кун давомида тадбир иштирокчилари қуйидаги масалаларни муҳокама қиладилар:

▶️ давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига оид масалалар;

▶️ мамлакатнинг гуманитар ва маданий ривожланиши;

▶️ қирғизларнинг миллий маданияти, тилини ривожлантириш ва миллий меросини тиклаш;

▶️ Қирғизистон халқларининг анъаналари ва меросини сақлаш;

▶️ давлат ва диний конфессиялар ўртасидаги муносабатлар;

▶️ экология ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;

▶️ минтақалараро ва миллатлараро бахс ва низоларни ҳал этиш;

▶️ миллий анъана ва урф-одатларни замонавий ҳаёт ҳақиқатига мослаштириш масалалари.

Қурултой якунлари бўйича резолюция қабул қилиниши режалаштирилган.

Садир Жапаров жорий йилнинг август ойида биринчи Халқ қурултойини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда қайд этилишича, қурултой «давлатнинг ички ва ташқи сиёсати бўйича қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг бирлашуви ҳамда манфаатлар ва имкониятлар мувозанатини таъминлаш»га қаратилган.

Қурултой мавзусини Қирғизистоннинг амалдаги президенти ҳали мамлакат Бош вазири лавозимига номзод бўлган пайтда – парламентнинг 2020 йил 10 октябрдаги йиғилишида кўтарган эди. «Биз имкон қадар тезроқ Конституцияни ислоҳ қилишимиз керак. Президент бўлади, Бош вазир бўлмайди, қурултой тизими бўлади», — деган эди ўшанда Жапаров.

2021 йил 5 майдан кучга кирган Конституцияда Халқ Қурултойи институти «ижтимоий ривожланиш йўналишлари бўйича тавсиялар берувчи жамоатчилик вакиллари, маслаҳатчилари, кузатувчилари йиғилиши» сифатида белгиланган.