Ўзбекистон 20 йил ичида илк бор коррупция ҳолатига доир рейтингда Россияни ортда қолдирди

Коррупция ҳолати индекси (CPI) 2022 йил учун. rfi.fr сайти фотосурати

Transparency International глобал коррупцияга қарши ҳаракати 31 январь куни 2022 йил учун Коррупция ҳолатини идрок этиш индексини (CPI) эълон қилди. Ўзбекистон рейтингда 14 поғонага кўтарилиб, 2002 йилдан бери илк бор Россиядан ўзиб кетди.

Ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон 28 очко билан 140-ўринни эгаллаган бўлса, янгиланган рейтингда 31 очко билан Мексика, Лаос ва Боливия билан 126-ўринни бўлишиб турибди. Россия ўтган йили 29 очко билан 136-ўринни эгаллаган бўлса, ҳозирда 28 очко билан 137-ўринда.

Россиянинг ёнида 27 очко ва 140-ўринга эга Қирғизистон жойлашган.

Тожикистон ўз мавқеини ёмонлаштириб, рейтингда бир очко ва уч поғонани йўқотиб қўйган бўлса, ҳозирда 24 очко билан 150-ўринда бормоқда. Туркманистон 19 очко билан 167-ўринни эгаллаб, рейтинг аутсайдерларидан бири ҳисобланади.

Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида пешқадамликни давом эттирмоқда ва ўтган йил давомида бир очко йўқотганига қарамай, 37 очко билан рейтингда бир поғона юқорига кўтарилиб, 101-ўринни эгаллаган.

Афғонистон ўз мавқеини кескин яхшилаган, у ўтган йили 16 очко билан 174-ўринда эди. Янгиланган рейтингда Афғонистон очколар сони бўйича Тожикистонга етиб олган ва айни дамда 150-поғонани эгаллаб турибди.

Рейтингда 90 очко билан биринчи ўринни ўтган йил давомида яна икки очко жамғариб, ўз ўрнини мустаҳкамлаган Дания эгаллаб турибди. Иккинчи ва учинчи қаторлар 88 балл билан Финляндия ва Янги Зеландияга тегишли.

Ўзбекистон 2000-2003 йиллари коррупция ҳолати индекси бўйича Россиядан олдинда эди. Ўшанда республика рейтингнинг 71-поғонасидан пастга тушмаган ва Қозоғистон, Ҳиндистон ва Аргентинани ҳам ортда қолдирганди. 2003 йилдан кейин Ўзбекистон ҳам худди Тожикистон каби ўз ўрнини кескин йўқота бошлаган ва бир неча йил ўтиб энг коррупциялашган давлатлар қаторидан ўрин олган. Ўзбекистон рейтингидаги ижобий ўзгаришлар 2016 йили бошланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди