Россияда тожикистонлик «жангари блогерлар» гуруҳи раҳбари қўлга олинди

Тилло Маматнабиев. Россия тергов қўмитаси сайти фотосурати

Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича Бош тергов бошқармаси ходимлари жамоат жойларида одамларни калтаклашга ихтисослашган Тожикистон фуқароларидан иборат ёшлар жиноий гуруҳининг ташкилотчиси деб тахмин қилинаётган шахсни қўлга олишган. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар беради.

Йигитлар ўз ҳужумларини видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириб борганлар.

«Коммерсант» нашрининг ёзишича, бир гуруҳ Тожикистон фуқаролари гумон қилинаётган кенг кўламли жиноий иш бўйича тергов Москванинг турли туманларида ноодатий безорилик эпизодлари қайд этилганидан бошланган. Йигитларнинг кичик гуруҳлари ҳеч қандай сабабсиз савдо марказларига ташриф буюрган одамларга ҳужум қилишиб, уларни калтаклаша бошлашган. Шундан сўнг тожикистонликлар ўзларининг ҳужумлари акс этган видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатишган ва бу билан улар «билганини қилишини ва бировга ҳисоб бермаслигини» намойиш қилишган.

Февраль ойи бошида Варшавское шосседаги супермаркетлардан бирида содир бўлган муштлашувнинг беш иштирокчиси қўлга олинган. Улар 2002, 2004, 2006 ва 2007-йилларда туғилган тожикистонлик йигитлар бўлган. Россия Тергов қўмитасининг (РТҚ) Жанубий маъмурий округи бўйича терговчилари мазкур хатти-ҳаракатларни РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси («Безорилик») бўйича квалификация қилишган, бироқ Чертанов туман суди ҳуқуқбузарлар жиноятининг оғирлигини ҳисобга олиб, ҳибсга олмасликка қарор қилган. Натижада, уларнинг барчасига Интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини ўз ичига олган «айрим ҳаракатлар»ни содир этиш тақиқланган.

Бироқ, жамоат жойларида одамларга асоссиз равишда калтаклаш ишлари давом этаверган ва бу ҳолат Москванинг турли туманларида қайд этилган. Мазкур ишлар РТҚнинг шахс ва жамоат хавфсизлигига қарши жиноятларни тергов қилиш 1-бўлими ходимлари томонидан бир терговга бирлаштирилади. Бош тергов бошқармаси терговчилари Варшавское шоссесида содир этилган ҳужум иштирокчиларининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини кузатиб, айнан шу тожикистонлик ёш йигитлар савдо марказларига ташриф буюрувчиларга ҳужум уюштиришганини аниқлаганлар.

«Гуруҳ фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни кўздан кечирар экан, тергов иштирокчилари Чертанов туман суди йиғилишидан сўнг эълон қилинган муштлашувлар акс этган видеороликлар қаторида иштирокчиларнинг ҳибсдан қандай қочиб қутулиб қолишгани ҳақидаги мақтанчоқ постларини аниқлаганлар», — дейилади «Коммерсант» материалида.

Ушбу ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, жиноятчиларга РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси иккинчи қисми бўйича айблов эълон қилинган, бу гуруҳ ва олдиндан тайёрланган безорилик учун етти йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.

Айбловни қайта квалификация қилиниши терговчиларга айбланувчиларни ҳибсга олиш учун судга қайта мурожаат қилиш имконини беради.

Шу билан бирга, «Коммерсант» хабарига кўра дастлаб ҳисбга олинганлар орасида гуруҳ етакчиси — Москва инновацион технологиялар ва сервис коллежи талабаси 21 ёшли Тилло Маматнабиев бўлмаган. Маматнабиев 5 апрель куни Химкида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган. Яқин орада Москванинг Пресненский туман суди унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ