Озарбайжон архивида сақланаётган Ибн Сино асари Ўзбекистон маданий мероси китобига киритилади

Авиценна. trakiaworld.com сайти фотосурати

«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги навбатдаги китоб-альбомга Абу Али ибн Сино қўлёзмасининг Озарбайжонда сақланаётган нусхаси киритилади. Бу ҳақда сериални тайёрлаш билан банд бўлган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Гап Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Муҳаммад Фузулий номидаги қўлёзмалар институтида сақланаётган Авиценнанинг «Тиб қонунлари» («Ал-Канун фи-т-Тибб») иккинчи жилдининг нусхаси ҳақида бормоқда. Асар нусхаси 1143 йили яратилган. Қўлёзма уч юзта қўлёзмадан иборат «Дунё хотираси» – ЮНEСКОнинг жаҳон ҳужжатли меросини муҳофаза қилиш дастурига киритилган.

Қўлёзмалар институти илмий котиби Азизоға Нажановнинг айтишича, бу жилдда Авиценна турли касалликлар ва уларнинг белгилари, ташхис ва даволаш усулларини баён қилган.

«Муаллиф вафотидан 104 йил ўтиб Бағдодда насх ёзувида кўчирилган қўлёзма дунёдаги энг кам учрайдиган қўлёзмалардан биридир. ХХ асрнинг 80-йилларида Ибн Сино ушбу асарининг илмий-танқидий матнини тузган ўзбек олимлари Боку қўлёзмасининг иккинчи жилдини асос қилиб олгандилар»,дейди Нажанов.

Янги китоб-албомга «Тиб қонунлари» тўпламидан ташқари араб, форс ва ўзбек тилларида ижод қилган олимлар, шоирлар ва маданият арбобларининг 90 та қўлёзмаси киритилади. Жумладан, Алишер Навоий, Бобур, Имом ал-Бухорий, Мирзо Улуғбек, Жомий асарлари. Нашрда Озарбайжон Миллий тарихи музейи, Озарбайжон Миллий санъат музейи ва Миллий гилам музейи экспонатлари ҳам ўрин олади.

ℹ️ Бутунжаҳон жамияти 2016 йили Ўзбекистон ҳукумати кўмаги ва Eriell Group нефть конлари сервис компанияси ҳомийлигида ташкил этилган. Жамият томонидан бугунга қадар «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» эксклюзив халқаро туркумининг 60 жилди, «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси», «Ўзбекистон маданияти ва фани олимлар асарларида» туркумларининг бир қатор жилдлари нашр этилди, 60 дан ортиқ фильмлар суратга олинди, мамлакат ичида ва хорижда кўплаб медиа-форумлар ўтказилди. Ҳозиргача лойиҳа 40 мамлакатдан 400 нафар олимни бирлаштирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ