Ўзбекистон бокс бўйича жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. Қозоғистон – иккинчи ўринни

Ўзбекистонлик мухлислар. prezident.uz сайти фотосурати

Тошкентда бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси медаллар бўйича биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистонликлар бисотига тўққизта медал йиғилди, шундан бештаси олтин бўлди.

Ҳасанбой Дўсматов (51 кг гача), Абдумалик Халоқов (-57 кг), Руслан Абдуллаев (-63,5 кг), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-67 кг), Баҳодир Жалолов (+92 кг) олтин медалга сазовор бўлди. Кумуш Ойбек Жураев (-54 кг), Саиджамшид Жафаров (-71 кг), бронза Алоҳон Абдуллаев (-75 кг) ва Азизбек Муллажонов (-92 кг) га насиб этди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев финал баҳсларига ташриф буюриб, спортчиларни тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Турнир якунларига кўра, Қозоғистон терма жамоаси бешта медал билан иккинчи ўринни эгаллади, медаллардан тўрттаси олтин эди. Санжар Ташкенбай (46-48 кг), Махмуд Сабирхон (-54 кг), Асланбек Шимбергенов (-71 кг) ва Нурбек Оралбай (-80 кг) шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Кумуш медал билан Булат Бекбауов (-67 кг) тақдирланди.

Шунингдек, қирғизистонлик Мунарбек Сейитбек уулу (-57 кг) ва тожикистонлик Баҳодур Усмонов бронза медалларини қўлга киритишди.

Россия терма жамоаси иккита олтин ва тўртта бронза медали билан учинчи ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, жами 19 давлат Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини бойкот қилди, жумладан 2021 йили Белградда ўтказилган аввалги жаҳон чемпионатида жамоалари муваффақиятли иштирок этган АҚШ ва Украина давлатлари ҳам. Бойкотга Халқаро бокс ассоциациясининг (ХБА) Халқаро олимпия қўмитаси қарорига зид равишда Россия ва Беларусь спортчиларига ўз давлати рамзларидан фойдаланишга рухсат бергани сабаб бўлди.

30 апрель – 14 май кунлари Тошкентда ХХII жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақаларда 107 давлатдан 538 нафар боксчи иштирок этди. Спортчилар 13 вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб бордилар. Мусобақанинг мукофот жамғармаси 5,2 миллион долларни ташкил этди. Олтин медал соҳиблари 200 минг доллар, кумуш медал соҳиблари 100 минг, бронза медали соҳиблари эса 50 минг доллар олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ