Жиззах шаҳрида 20-25 май кунлари Жаҳон Белбоғли Кураш Ассоциацияси (UWW) шафелигида эркаклар ва аёллар ўртасида белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда саккизта медаллар, аёллар ўртасидаги баҳсларда бешта медаллар жамланмаси ўйналади. Турнирда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон, Индонезия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби дунёнинг йигирма давлатидан икки юз нафардан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда илк бор белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Мусобақалар Жаҳон Белбоғли Кураш Ассоциациясидан ташқари, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси, Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт ишлари вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва прокуратураси, Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси ташкилотчилари ҳисобланади.
Ўтган йили Бишкекда Алиш (Кураш) бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтган эди. Мусобақада саккиз мамлакат: Эрон, Ҳиндистон, Япония, Мўғулистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан 270 нафар спортчи иштирок этганди. Эркаклар ўртасида медаллар ҳисобида биринчи ўринни Туркманистон, аёллар ўртасида Эрон терма жамоаси эгаллаганди.