ЕТТБ Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти йил охиригача 5,2 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2023 йили Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ўртача 5,2 фоизга ўсишини башорат қилмоқда. Бу ҳақда халқаро молия ташкилоти таҳлилчилари ҳисоботида сўз юритилади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу ҳисоботни тайёрлашда улар Марказий Осиёнинг бешта республикаси ва Мўғулистон иқтисодиёти ҳолатини ўрганган. Мутахассислар минтақа мамлакатларида ялпи ички маҳсулотнинг нафақат жорий йилда, балки кейинги йилда ҳам ошишини башорат қилишмоқда.

Бундан ташқари, 2024 йили 5,4 фоизга ўсиш кутилмоқда.

Ижобий прогнозлар кўп жиҳатдан корхоналар ва жисмоний шахсларнинг Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига оммавий кўчирилиши, шунингдек, COVID-19 пандемияси туфайли ўрнатилган чекловларни бекор қилган Хитойга товарлар экспортининг кўпайиши билан боғлиқ.

ЕТТБ таҳлилчилари таъкидлаганидек, минтақа иқтисодиёти ноқулай геосиёсий вазият, хусусан, Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси туфайли юзага келган вазият фонида ўзининг барқарорлигини исботлади.

Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари Россия бозорини тарк этган хорижий компаниялар ва брендлар ўрнини босувчи воситачи ва ўз маҳсулотларини етказиб берувчи давлат сифатида РФ билан савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлади.

Шу билан бирга, Россияда ишчи кучига талаб кучлилиги ва рублнинг мустаҳкамланиши муҳожирлар оқимининг кучайишига олиб келди. Бинобарин, мигрантларнинг ўз ватанларига пул ўтказмалари ҳам кўпайди ва бу Марказий Осиё банклари фойдасига ижобий таъсир кўрсатди.

Россияликларнинг, шу жумладан фирмаларнинг кўчиб ўтиши иқтисодиётнинг чакана савдо, кўчмас мулк ва меҳмонхона бизнеси каби тармоқларига талабни оширди, дея хулоса қилади ЕТТБ экспертлари.

Салбий омиллар қаторида инфляция ҳам бор, чунки таҳлилчиларнинг фикрича, жорий йилнинг биринчи чорагида минтақанинг аксарият мамлакатларида истеъмол нархларининг ўсиши давлатларнинг марказий банклари томонидан белгиланган мақсадли диапазонлардан ошиб кетган.

ЕТТБ яқин келажакда постсовет Марказий Осиё республикалари (фақат Туркманистонга доир маълумотлар мавжуд эмас) иқтисодиёти учун қуйидаги ўсишни башорат қилмоқда:

📈 Қозоғистон: 2023 йили 3,9%, 2024 йили 4,2%;

📈 Қирғизистон: 2023 йили 7,0%, 2024 йили 7,2%;

📈 Тожикистон: 2023 йили 7,5%, 2024 йили 7,5%;

📈 Ўзбекистон: 2023 йили 6,5%, 2024 йили 6,5%.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ