ОАВ: Толиблар ҳукумати раҳбари истеъфога чиқди

Муҳаммад Ҳасан Охунд. TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати раҳбари Муҳаммад Ҳасан Охунд соғлиғи сабаб ўз лавозимидан озод этишларини сўраган. Бу ҳақда Толибон ҳукуматидаги манбага таяниб, TOLOnews телеканали хабар берди.

Телеканал маълумотларига кўра, Абдул Кабир Толибон ҳукуматида муваққат Бош вазир лавозимига тайинланган. Илгари у Охунднинг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

Таъкидлаш жоиз, Охунд 2021 йил сентябрида толиблар ҳукумати тузилганидан кейин унга раҳбарлик қилган.

«Толибон» ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Халқаро ҳамжамият радикаллардан Афғонистондаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари, шунингдек аёллардан иборат янги коалиция ҳукуматини тузишни талаб қилишмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ