Украинадаги жангда қатнашган қирғизистонлик йигит ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Бишкекнинг Первомайский туман суди биноси. vb.kg сайти фотосурати

Бишкекнинг Первомайский туман суди 16 май куни Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганликда айбланган 31 ёшли Қирғизистон фуқаросини ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Тегишли ҳукм суд ҳужжатлари ва мажлислар базасига жойлаштирилган.

Қирғизистон фуқароси республика Жиноят кодексининг 416-моддаси («Ёлланганлик»)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Суд материалларига кўра, айбланувчи К.у.А. 2022 йил июнь ойида, Москвада бўлганида, у шартнома бўйича ҳарбий хизматга ёлланишга ва Россия ва Украина ўртасидаги можарода қатнашиш учун ЛХР қуролли бўлинмаларига қўшилишга қарор қилган. Бир ой ўтгач, у тўқнашув зонасига этиб келади ва у еьрда 180 минг рубль (2,2 минг доллар) маош билан жанговар машина қўмондони ўринбосари лавозимини эгаллайди.

Қайд этилишича, қирғизистонлик йигит ҳарбий тайёргарлик курсларида ўқиган, ўқотар қуроллардан фойдаланишни ўрганган. Бироқ, унинг вазифаларига ўқ-дориларни машинада Соледар шаҳри яқинидаги фронтга этказиб бериш кирган.

Ўтган йил ноябрь ойида К.у.А. хизматдан бўшатилган, ЛХР ҳудудидан чиқиб кетган ва Москва орқали ватанига қайтган. 2023 йил январида у Бишкекда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

К.у.А. ўз айбини қисман тан олиб, беш ой давомида ЛХРда бўлганини, лекин жанговар ҳаракатларда қатнашмаганини, фақат маҳаллий ҳарбий хизматни ўташини айтди. Унинг сўзларига кўра, у Россия паспортини олиш мақсадида армияга борган ва касал отасини боқиш учун Қирғизистонга қайтиб келган. Судланувчи Қуролли Кучлардаги хизмати учун ҳеч қандай мукофот олмаганини, 2010 йилдан буён яшаб келаётган Москва шаҳрида ишлаган вақтида уйига келганида ёнида бўлган 180 минг рублни жамлаганини қўшимча қилган.

Бироқ, Бишкек суди К.у.А. ёлланганликда айбдор деб топиб, унга ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

2022 йил ноябрида Украина Қуролли кучлари таркибида тузилган «Турк халқларининг Турон баталони» қўмондони бўлмиш Қирғизистон фуқаросининг хорижий мамлакат ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар ёки жанговар ҳаракатларда иштирок этганликда айблангани хабар қилинган эди.

Шу билан бирга, республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ватандошларни бундай қилмишлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилгани ҳақида огоҳлантирган. Жиноятчилар саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ