Муддатидан илгари Президент сайлови Ўзбекистонга 15 миллион долларга тушади

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 19 май куни бўлиб ўтган йиғилишида 9 июлга белгиланган муддатидан илгари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметаси тасдиқланди.

Жами харажатлар 174,13 миллиард сўмни (15 миллион доллар) ташкил этади.

Йиғилишда таъкидланганидек, бу маблағ 2021 йили бўлиб ўтган Президент сайловини ташкил этиш учун ажратилганидан 41 фоизга кам – ўшанда харажатлар 300 миллиард сўмни (26 миллион доллар) ташкил этган.

Умумпартиявий тадбирлар ва сайловолди ташвиқотларини ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар миқдори рўйхатга олинган тўрт нафар номзоднинг ҳар бири учун 19,655 миллиард сўм (1,65 миллион доллар) ёки 4,914 миллиард сўм (428 минг доллар) миқдорида тасдиқланди. 2021 йили ушбу мақсадлар учун ҳар бир сайлов иштирокчиси учун 15,4 миллиард сўм (1,3 миллион доллар) ёки 3,097 миллиард сўм (270 минг доллар) ажратилганди. Эслатиб ўтамиз, ўша пайтда мамлакат президенти лавозимига беш нафар номзод кўрсатилганди.

Ҳисоб-китобларга кўра, харажатларнинг қарийб 82 фоизи округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этишга сарфланади.

Ушбу маблағларнинг 76 фоизи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига компенсация тўловлари бўлиши керак, уларнинг асосий қисмини ўқитувчилар, шифокорлар ва фаол фуқаролар ташкил этади.

Таъкидлаш жоиз, МСК маълумотларига кўра, 2019 йили ҳокимият вакиллик органларига (халқ депутатлари кенгашларига) сайловни ташкил этиш ва ўтказишда давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг 19,8 фоизи, 2021 йилги Президент сайловида эса 26 фоиз ва 2023 йилда янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдумда — 13,5% маблағ тежалган. Айтганча, охирги плебисцит учун 182,38 миллиард сўм (15,9 миллион доллар) ажратилган.

ℹ️ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни муддатидан илгари Президент сайловини 2023 йил 9 июлда ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Сайловда амалдаги президент (у Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва «Миллий тикланиш» партияси томонидан кўрсатилган), Экологик партиясидан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, «Адолат» партиясидан Робахон Махмудованинг номзоди рўйхатга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ