Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда диний эркинликлар чекланаётганига урғу беришди

365info.kz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати диндорлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ваъдаларига қарамай, эътиқод ифодасини экстремизм кўринишида қабул қилиб, диний эркинликларни чекламоқда. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти экспертлари томонидан тайёрланган ҳисоботда сўз юритилади.

Ҳужжатда республикада диний жамоаларни рўйхатга олишда тўсиқлар яратилгани, ҳукумат фаолларни, жумладан мусулмонларни текширишга мажбурлаётгани, кўпинча улар экстремизм билан боғлиқ ишлар бўйича таъқиб қилинаётгани қайд этилган.

«Президент Шавкат Мирзиёев дастлаб Ўзбекистонда диний эркинликлар кенгайишига имкон берувчи ислоҳотларни бошлагани олқишларга сазовор бўлганди, аммо бугун биз жиддий қонунбузарликлар жазосиз қолаётганини кўриб турибмиз», — дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта илмий ходими Мира Риттманн (Mihra Rittmann).

Мутахассиснинг таъкидлашича, расмийлар ҳанузгача диний туйғу ёки эътиқодларнинг қонуний ифодаланишини «экстремизм» деб тушунишади ва бунинг бадалини тинч диний жамоалар ва шахслар тўлашмоқда.

Ҳисобот муаллифлари ушбу далилни тасдиқлаб, диний етакчилар ва оддий диндорлар зулмга учраганига оид қатор фактларни келтиришган. Жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали диний қўшиқлар (нашидлар) жўнатган ўзбекистонликлар қамоқ жазосига ҳукм қилинган жиноий ишлар тилга олинади.

Шу билан бирга, HRW таҳлилчиларининг аниқлик киритишича, «диний экстремизм» бўйича ҳибсга олинган ёки судланганларнинг адвокатлари ва яқинларига кўра, улар кўпинча қийноқ ва шафқатсиз муносабатларга дучор бўлишмоқда.

Мусулмон фаоллари, шунингдек диннинг ҳукуматдан расман ажратилганига қарамай, мулозимлар муфтият ва Дин ишлари бўйича қўмита орқали диндорларни назорат қилишаётганини қайд этишади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари республикадаги ижобий ўзгаришларни ҳам алоҳида таъкидлайдилар.

«Мирзиёев ҳукумати марҳум президент Ислом Каримов давридаги каби мусулмонларни мунтазам равишда оммавий ҳибсга олишларни тўхтатди, тинч диний фаолияти ёки эътиқоди учун судланган юзлаб одамларни озод қилди ва минглаб фуқаролар хавфсизлик хизматининг «қора рўйхатлари»дан ўчирилганини маълум қилди», — дейилади HRW ҳисоботида.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди