«Туркменские тетради» мухолифат сайти ишга тушди

Туркменские тетради. turkmennotebooks.org сайти фотосурати

Шу йилнинг июнь ойи бошида туркман мухолифати тарихига бағишланган «Туркменские тетради» («Туркман дафтарлари») сайти ишга тушди.

«Лойиҳа ҳақида» бўлимида сайт турли мамлакатларда яшовчи ва Туркманистон ичида қолган бир гуруҳ фуқаролик фаоллари томонидан ташкил этилгани айтилади. Шунингдек, лойиҳа ҳамкорлари «Экологик адолат» нодавлат нотижорат инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Туркманистон фуқаролик жамияти бирдамлик гуруҳининг «Уларни тирик кўрсатинг!» халқаро кампанияси муаллифлари, шунингдек Норвегия Хельсинки қўмитаси кўрсатилдан.

Сайт Crude Accountability (АҚШ) томонидан тақдим этилган платформада яратилган ва бир нечта бўлимлардан иборат – «Янгиликлар», «Кутубхона», «Таҳлил», «Интервьюлар/Мемуарлар», «Махсус лойиҳалар» ва «Трибуна».

Сайт туркман диссидентларининг нашрлари, жумладан 1990 йилларнинг бошидан қоғоз кўринишида чоп этилаётган самиздат ва эмигрант нашрларига кириш имконини беради. Шунингдек, халқаро ташкилотларнинг Туркманистон ҳақидаги ҳисоботлари ва туркман муаллифларининг китоблари, туркман халқининг этнографияси, тарихи, маданиятига оид хорижий илмий нашрлар, туркман ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ёрқин намояндалари билан суҳбатлар, турли мавзулардаги тадқиқотлари ҳам эълон қилинади.

Туркманистон барча хорижий ижтимоий тармоқлар, YouTube, мустақил медиа сайтлари ва Туркманистон ҳукуматини танқид қилиш мумкин бўлган бошқа интернет манбаларини тўсиб қўйган. Мамлакатдаги асосий давлат оммавий ахборот воситалари Туркманистон давлат ахборот агентлиги ва «Нейтрал Туркманистон» газетаси ҳисобланади. Уларнинг кун тартиби кўпинча Бердимуҳамедовлар оиласининг иши ва дам олишига бағишланган. Республикада расмий равишда хусусий оммавий ахборот воситалари (жумладан, Turkmenportal) ҳам борки, улар амалда давлатнинг кун тартибини такрорлайди. Туркманистонда тақиқланган бир нечта мустақил нашрларгина мамлакатдаги реал воқеалар ҳақида ёзади. Уларнинг таҳририятлари хорижда жойлашган, мухбирлар эса анонимлик шарти билан ишлашга мажбурдирлар.