Қашқадарёдаги оилавий болалар уйи раҳбари ўз қарамоғидаги қизни зўрлагани учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилди

ugra-news.ru сайти фотосурати

Қашқадарё вилоятининг Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди 13 ёшли ўқувчи қизни зўрлашда айбланаётган 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбарини 12 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Республика Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Ҳукм 6 июнь куни чиқарилган. Суд ҳукмига кўра, 52 ёшли маҳкум жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди.

Аниқлик киритилишича, меҳрибонлик уйи раҳбари Жиноят кодексининг 118-моддаси («номусга тегиш») 3-қисми «а» банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси («ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш») 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси («бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш») га асосан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Олий суд матбуот котибининг таъкидлашича, Жиноят кодексининг бир қатор моддаларига киритилган қўшимчаларга кўра,

педофилларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмайди.

Чироқчидаги меҳрибонлик уйида юз берган воқеа ҳақида апрель ойи бошида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалган эди. Қизнинг асраб олувчи ота сифатида ҳужжатлаштирилган муассаса раҳбари ҳомиладор 13 ёшли ўқувчи қизни аборт қилишга мажбурлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, фойдаланувчилар бу оила саккиз нафар етим болани тарбиялаётгани, уларнинг ҳар бири учун давлат ҳар ойда мазкур ота-оналарга 2 миллион сўмдан (174 доллар) тўлашини ёзишганди.

Шунингдек, 6 июнь куни Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати оилавий зўравонлик билан боғлиқ навбатдаги жараён якунланганини маълум қилганди. Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Косон туман судида ўгай онаси кўз ўнгида қизини таёқ билан калтаклаётган ота видеоси асосида иш кўриб чиқилди. Қизнинг амакиси буни телефонга ёзиб олиб, ёзувни ҳуқуқ-тартибот идораларига топширган.

Тергов шуни кўрсатдики, ота ўтган йил давомида болани мунтазам равишда қийноққа солиб келган. Натижада суд тажовузкор отани уч йилга озодликдан маҳрум қилди.