Туркманистон чегарачилари денгизда чўмилиш тақиқлангани сабаб давлат чегарасини кўчиришган

turkmen.news сайти фотосурати

Туркманистоннинг Болқон вилоятидаги Қарабўғоз шаҳрида (собиқ Бекдош қишлоғи) чегарачилар маҳаллий аҳолини денгизга ўтказмаслик учун давлат чегарасини 45 километрга кўчиришган. Бу ҳақда Turkmen.news хабар беради.

Чегарачилар уч метр чуқурликда хандақ қазиб, Каспий денгизи ва қирғоқ бўйлаб ўтувчи йўл ўртасида тиканли сим ўрнатишган, дея хабар беради манбалар. Маҳаллий аҳоли Қозоғистон билан чегарадан камида 45 километр узоқликда эканликларини айтишмоқда. Уларнинг фикрича, чегарачилар мамлакат раҳбариятидан бехабар фаолият юритишмоқда. Чўмилмоқчи бўлганларга эса ҳеч нарсани тушунтиришмаяпти, ҳеч қандай ҳужжат тақдим этишмаяпти.

Асосан, бундай чора-тадбирлар балиқчиларнинг қирғоқгача машина ҳайдаб келиб, қайиқларини кутиб олишининг олдини олиш учун кўрилади. Бироқ, оддий дам олувчиларга денгизга чиқиш тақиқлангани Туркманистонда ҳукм сураётган жазирама кунлари фуқароларни безовта қилмоқда.

«Биз денгиз бўйидаги шаҳарда яшаймиз, бу ердаги оилалар асосан камбағал, бизда ўйин-кулги деган нарсанинг ўзи йўқ, лекин ҳеч бўлмаганда денгиз биз учун овунчоқ эди. Энди биз болаларга нима учун денгиз яқину, лекин чўмилиш мумкин эмаслигини тушунтиролмаймиз»,деб ғазабланади маҳаллий аҳоли.

Кўринишидан, чегарачилар расмийларнинг COVID-19 пандемияси даврида жорий этилган денгизда сузишни тақиқловчи чорани қўллаб-қувватлашда давом этишмоқда, чунки тақиқнинг бекор қилиниши ҳақида расман эълон қилинмаган. Айни ватта Turkmenportal 7 июнь куни хабар беришича, Туркманистоннинг барча ҳудудларидан 876 нафар мактаб ўқувчиси Аваза курорт шаҳрига таътилга келган, уларга сузиш бўйича тақиқ амал қиладими ёки йўқми, аниқланмаган.