Душанбеда Қатар амири иштирокида Марказий Осиёдаги энг йирик масжид очилди

khovar.tj сайти фотосурати

Душанбеда 8 июн куни Марказий Осиёдаги энг йирик масжиднинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ховар» агентлиги хабар беради.

Очилиш маросимида Президент Эмомали Раҳмон ва давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлиб турган Қатар Амири Шайх Тамим ибн Ҳамад Ол Соний иштирок этди.

Душанбенинг янги марказий жоъме масжиди 12 гектар майдонни эгаллаган, бино уч гектар майдонда жойлашган ва унинг учта катта кириш эшиги бор.

Масжид бир вақтнинг ўзида 133 минг кишини сиғдира олади, шундан 43 минг киши бино ичида, қолгани унинг атрофида бўлади.

«Бу нафақат масжид, балки ислом маданияти ва тарихининг замонавий пойдевори, заллари шундай қурилганки, уларда турли даражадаги илмий-маданий тадбирлар, турли даражадаги анжуманлар ўтказилади», — дея таъкидлайди «Ховар».

Бўлажак масжид пойдеворининг тамал тоши 2009 йил 5 октабрда ҳанафий таълимотининг асосчиси ва етакчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит таваллудининг 1310 йиллигини нишонлаш чоғида қўйилган эди.

Қурилиш 2011 йил 5 октабрда бошланган ва 2019 йил кузида якунланган. Очилиш маросими 2020 йилнинг март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли у қолдирилганди. Февраль ойида Тожикистон Дин ишлари, миллий анъаналар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси маросим Қатар амирининг ташрифи чоғида бўлиб ўтишини маълум қилган эди.

Масжид лойиҳаси деярли 100 миллион долларга тушган, шундан 30 миллион доллари Тожикистон ҳукумати томонидан, 70 миллион доллари Қатар ҳукумати томонидан ажратилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ