Шомуродов «Специя» ни Италия А сериясидан тушиб қолишидан асрай олмади

Элдор Шомуродов. football24.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов тўп сураётган «Специя» футбол клуби А серияда яшаб қолиш учун ўтказилган қўшимча учрашувда «Верона»га 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, олий дивизионни тарк этди.

А сериянинг қура натижаларига кўра, «Специя» ва «Верона» 31 очкодан жамғарган ҳолда 17 ва 18-ўринларни банд этишган. Шу билан бирга, 18-ўринни эгаллаган жамоа олий дивизионни тарк этади, аммо янги қоидаларга кўра, агар жамоалар очколари тенг бўлса, қўшимча ўйин ўтказилади.

Шомуродов илк дақиқалардан майдонга тушган ва бутун учрашувни майдонда ўтказган. «Верона» футболчилари 5 дақиқада ҳисобни очишади. Фаранони ўзини кўрсатади. Бироқ, орадан ўн дақиқа ўтиб Шомуродов Ампадуга голли узатмани амалга ошириб, ҳисобни тенглаштиради. Кейин сўзни «Верона»нинг белгиялик ҳужумчиси Нгонг эгаллаб, учрашувнинг 26 дақиқасида биринчи, кейин 38-дақиқада иккинчи голни уради. Учрашувнинг 68 дақиқасида Шомуродов рақиб жарима майдончасига ёриб кириб, Фараонини қўл билан тўп суришга мажбур қилади. Пеналти белгиланади ва Фараони майдондан четлатилади. «Специя»да имконият бор эди, лекин Нзола пеналтини амалга оширолмайди.

«Специя» А Серияни тарк этади. Шомуродовнинг клуб билан шартномаси 2023 йилнинг 30 июнида тугайди. Футболчи фаолиятини қаерда давом эттириши ҳозирча номалум. Катта эҳтимол билан яқин орада Элдор ватанига қайтиши, CAFA Миллий кубоги мусобақасида иштирок этувчи терма жамоа сафига қўшилиши мумкин.

Элдор Шомуродов «Муборак Машъал» тарбияланувчиси ҳисобланади. 2015 йили Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига кўчиб ўтган. 2017 йили у Ростовга таклиф қилинган ва у ерда барча расмий турнирларда 91 та ўйин ўтказиб, 18 та гол урган. 2020 йил октябрь ойида 7,5 миллион евро товон эвазига «Женоа»га кўчиб ўтди. У Генуяликлар сафида А серияда 31 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.

2021 йил августида «Рома» ўзбекистонлик ҳужумчини 17,5 миллион евро эвазига сотиб олди ва у билан 2026 йилгача шартнома имзолади. Мавсум якунига кўра римликлар А серияда олтинчи ўринни эгаллашди. Шомуродов 28 та ўйинда майдонга тушган, шундан 23 тасида ўзбекистонлик захирадан майдонга тушган. Унинг ҳисобида учта гол ва тўртта голли узатма бор. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 28 ёшли ҳужумчи 61 та ўйин ўтказиб, 33 та гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ