Қозоғистондаги собиқ ядро полигони ҳудудида хавфсизлик зонаси яратилади

СЕМИПАЛАТИНСК ПОЛИГОНИ. AFP САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистон парламенти Сенати (юқори палатаси) депутатлари собиқ ядро полигони ҳудудида Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонасини ташкил этишни маъқуллади. Бу ҳақда Қозоғистоннинг «Власть» нашри хабар берди.

Сенат депутати Ольга Булавкина нашрга маълум қилишича, зонани ташкил этиш «Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси тўғрисида»ги ва «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси, экология ва электроэнергетика саноати масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар билан тартибга солинади. Улар қуйидагиларга қаратилган:

👉 ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш;

👉 полигон ерларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини кучайтириш;

👉 ўз ҳудудларини реабилитация қилиш;

👉 ядровий қурол синовлари оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ аниқ масалаларни ҳал қилиш.

Булавкина қўшимча қилишича, Семипалатинск ядровий полигонининг умумий майдони 1,8 миллион гектардан ортиқ. Ядровий хавфсизлик зонаси ядровий қурол синовлари натижасида ортиқча радиациявий ифлосланишга учраган ҳудудларни ўз ичига олади. Махсус ҳуқуқий режим бўлади. Шу билан бирга, ядровий хавфсизлик зонаси ерлари ва инфратузилмаси давлат мулки бўлиб, улар бегоналаштирилмайди, дейди Булавкина.

Қонунлар Сенат томонидан маъқуллангач, Қозоғистон президентига имзолаш учун юборилади. Уларни амалга ошириш учун 2027 йилгача республика бюджетидан қўшимча равишда 3,5 миллиард тенгедан ортиқ (8 миллион долларга яқин) маблағ ажратиш керак бўлади.

ℹ️ Қозоғистон Энергетика вазирлигининг 2021 йил декабрь ойида эълон қилинган маълумотларига кўра, ТАСС эслатишича, полигонда авваллари содир бўлган портлашларнинг умумий қуввати Хиросимага ташланган заряд қувватидан 250 баравар юқори. 2008 йилдан бери ушбу ҳудудда 18 311,4 квадрат километр майдонда кенг қамровли экологик тадқиқотлар олиб борилади. Ҳаммаси бўлиб бир неча миллион ўлчовлар ўтказилган ва ўн минглаб тупроқ намуналари таҳлил қилинган.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, 8,9 минг квадрат километр майдон фойдаланишга яроқли, 9,4 минг квадрат километр эса ҳамон белгиланган меъёрдан ортиқ даражада ифлосланган. Шу билан бирга, экспертларнинг фикрича, радиоактив ифлосланиш собиқ полигоннинг бутун ҳудудига таъсир қилмаган ва локал ҳисобланади. Қозоғистон ҳукумати келгусида қонун яроқли ерларни хўжалик муомаласига қайтариш имконини беради, деб кутмоқда.

ℹ️ 1991 йил 29 августда дунёдаги энг йирик ядровий қурол синов майдони ҳисобланмиш Семипалатинск полигони ёпилган. 1949 йилдан 1989 йилгача у ерда 458 та атмосфера ва эр ости портлашлари амалга оширилган. Синовлардан зарар кўрган майдон 300 минг квадрат километрдан ошади. Бир миллиондан ортиқ одам портлашдан зарар кўрган деб тан олинган. Қозоғистон халқаро ҳамжамият кўмагида ўттиз йил давомида полигондаги синовлар оқибатларига қарши курашиб келмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ