Тўқаев муқаддас Қуръони карим китобини ёқиш ҳаракатларини йўл қўйиб бўлмайдиган провокация деб атади

Reuters фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бир қатор Европа давлатларида содир этилган муқаддас Қуръони карим китобини ёқиш ҳаракатларини йўл қўйиб бўлмайдиган провокация деб атади. Бу ҳаракатлар замонавий дунёда кескинликни кучайтиришга, халқлар ва давлатлар ўртасидаги ишончга путур етказишга қаратилган, деб хабар беради Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати.

«Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, диний вандализм ва тегишли давлатлар фуқароларининг масъулиятсиз хатти-ҳаракатлари кўпайиб бораётгани цивилизациялашган давлатлар ва динларнинг умум эътироф этилган меъёрларига зид бўлган хатти-ҳаракатлар сифатида бир овоздан қораланиши зарур. БМТ Бош Ассамблеяси ҳам бу борада ўзининг салмоқли сўзини айтиши керак», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Шу йилнинг ёзида Швеция ва Данияда мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқиш ҳаракатлари бўлиб ўтди. 28 июнь куни Стокгольм марказида ироқлик 37 ёшли муҳожир Сальван Момика полициядан акция ўтказиш учун рухсат олиб, Қуръон саҳифаларини йиртиб ташлади ва уни ёқиб юборди. У норозилик билдириш учун бутун дунё мусулмонлари Қурбон ҳайитини (Қурбон ҳайити) нишонлайдиган кунни танлади. Бу ҳаракат ислом мамлакатлари аҳолиси ва расмийларининг кескин салбий муносабатига сабаб бўлди. Эртаси куни Швеция Ташқи ишлар вазирлиги «Швеция ҳукумати айрим шахслар томонидан содир этилган исломофобия ҳаракатини қатъиян рад этишини» билдирди.

Марокаш ҳукумати норозилик сифатида Швеция элчисини чақириб олди, Эрон эса Стокгольмга янги элчисини жўнатишни тўхтатди. Ироқда бир гуруҳ фуқаролар Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси ҳудудига бостириб кирди. Бу мамлакат ҳукумати Швеция элчисига «қатъий норозилик» билдирди ва Момикни Ироқ қонунларига мувофиқ судга бериш учун экстрадиция қилишни талаб қилди.

1 июль куни Европа Иттифоқи Қуръони карим китобини ёқиш ҳаракатлари ва дипломатик миссияларга ҳужумларни қоралади.

«Европа Иттифоқи Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг Швецияда бир шахс томонидан Қуръони карим китобининг ёқиб юборилишига билдирган кескин қаршилигига қўшилади. Бу акт ҳеч қандай тарзда Европа Иттифоқи нуқтаи назарини акс эттирмайди. Қуръон ёки бошқа муқаддас китобларни ёқиш ҳақоратли, ҳурматсизлик ва аниқ провокацион ҳаракатдир. Европада ирқчилик, ксенофобия ва бунга боғлиқ муросасизлик кўринишларига ўрин йўқ», — дейилади Европа Иттифоқи расмий сайтида.

22 июль куни Данияда Қуръони карим китобини ёқиш акцияси бўлиб ўтди. У Бағдоддаги Швеция элчихонасига қилинган ҳужумга норозилик билдириш мақсадида «Danske Patrioter» («Дания ватанпарварлари») гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилди. Орадан уч кун ўтиб, 25 июль куни худди шу гуруҳ аъзолари Миср ва Туркиянинг Копенгагендаги элчихоналари олдида акцияни такрорлашди. Дания расмийлари ўт қўйишни «провокацион ва шармандали ҳаракатлар» деб қоралади, аммо тинч намойишларни тўсиб қўйишга ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши 12 июль куни муқаддас китобларни таҳқирлаш ҳаракатларини қораловчи резолюция қабул қилди. Худди шундай ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 25 июль куни қабул қилинди.

Бундан олдин, 5 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муқаддас Қуръони карим китобининг ёқиб юборилишини қоралаган эди.

«Айни вақтда биз радикализм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларига, турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қаршимиз. Жумладан, яқинда Швецияда содир этилган, муқаддас Қуръони каримни ёқиб юборишдек ёвуз ҳаракатларни кескин қоралаймиз. Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди», — деди президент сайловолди учрашувларидан бирида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ