Қозоғистонлик олигарх Қайрат Боранбаев 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Кайрат Боранбаев. bizmedia.kz сайти фотосурати

Остона суди қозоғистонлик олигарх Қайрат Боранбаевни мол-мулки мусодара қилинган ҳолда олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Informburo хабар берди.

«АзияГазЧунджа» бош директори Роман Наханов ҳам худди шундай жазога тортилган. QazaqGaz бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Таир Жанузак беш йилга қамалган. Учаласига ҳам умрбод давлат хизматида ишлаш ман этилган.

Informburo маълумотларига кўра, Боранбаев Остона прокуратураси билан тузган процессуал келишувда 6 йил муддат кўзда тутилган.

«Томонлар Жиноят-процессуал кодексининг 613-моддаси талабига асосан айбни тан олиш бўйича битимни процессуал келишув шаклида тузиш шартлари мавжудлигини тасдиқлайди. Айбланувчиларга нисбатан қийноқлар ёки бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турлари қўлланилмаган, улар ихтиёрий равишда айбни тан олиш тўғрисида процессуал келишув тузган ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан хабардордир. Жабрланувчилар вакиллари айбни тан олиш тўғрисидаги келишув шаклида процессуал битим тузишга рози бўлиб, Боранбаев, Наханов ва Жанузакга ҳеч қандай даъволари йўқлигини таъкидлайди», — деб ёзган прокурор Олжас Хайруллаев.

ℹ️ Қайрат Боранбаев Қозоғистоннинг энг бой ва нуфузли 50 нафар тадбиркори қаторидан жой олган. Унинг қизи 2020 йил август ойида вафот этган собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултонга турмушга чиққан эди. Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати 2022 йил 17 март куни Бўранбаев ҳибсга олингани ҳақида маълум қилганди. Тадбиркорга квазидавлат секторида катта миқдорда маблағларни ўзлаштирганлик айби қўйилган.

Жорий йилнинг март ойида Остона шаҳрининг 2-Сариарқа туман суди Боранбаев, Наханов ва Жанузакни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Уларнинг барчаси газни миллий компанияга қайта сотиш вақтида 14,5 миллиард тенге (31,5 миллион доллар) ни ўғирлашда айбдор деб топилган. Аммо июль ойида жиноий иш бўйича судлов ҳайъати газ нархи кўрсатилган ҳужжатнинг асл нусхаси йўқлиги сабаб Бўранбаев ва бошқа айбланувчиларга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилган.

Янги ҳукм чиқиши арафасида Қозоғистон Республикаси Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати Боранбаев ихтиёрий равишда 90 миллиард тенгедан (195,4 миллион доллар) ортиқ маблағни давлатга қайтарганини маълум қилди. У Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига яна 30 миллиард тенге (65 миллион доллар) ўтказган. Агентликнинг эслатишича, тадбиркор аввалроқ табиий газни импорт қилишда маблағларни ўғирлаганлик бўйича тергов доирасида 14,5 миллиард тенге (31,5 миллион доллар) миқдоридаги зарарни қоплаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди