Олмаотада Нукусдаги намойишлардан сўнг ҳибсга олинган қорақалпоқ фаолларидан бири қўйиб юборилди

Чапдан ўнгга: Жангелди Жаксимбетов, Райса Худайбергенова, Оқилбек Муратбай, Кошкарбай Торемуратов. 2023 йил 16 сентябрь. Оқилбек Муратбай фотосурати

15 сентябрь куни кечқурун қорақалпоғистонлик фаол Раиса Худайбергенова Олмаотадаги тергов изоляторидан озод қилинди. Бу ҳақда Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Оқилбек Муратбайга таяниб, Orda.kz хабар берди.

«Қорақалпоқ фаоли Худайбергенова кеча тунда Олмаота тергов изоляторидан озод қилинди. Бир йил аввал у Нукусдаги норозилик намойишларидан сўнг Ўзбекистонда сохта айбловлар туфайли ҳибсга олинган эди. Қозоғистонда жами 5 нафар фаол Ўзбекистон талаби билан қўлга олинган. 3 таси аллақачон қўйиб юборилган», — деб ёзади Муратбай ижтимоий тармоқларда.

56 ёшли кардиолог Раиса Худайбергенова ўтган йил 16 сентябрь куни қўлга олинган. Қозоғистондаги қорақалпоғистонлик ижтимоий фаолларга кўра, у 2022 йил 2 июль куни Нукусда бўлиб ўтган намойишлар чоғида Қорақалпоғистон ҳудудида бўлганликда ва маст ҳолда YouTubeда Ўзбекистон давлат тузумини конституцияга зид равишда ўзгартиришга чақирувчи материаллар жойлаштирганликда айбланган.

Айни пайтда, ижтимоий фаолларнинг сўзларига кўра, ўша куни у клиникада ишлаган, буни унинг ҳамкасблари ва беморлар тасдиқлашлари мумкин. «Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати Раиса Худайбергенованинг 2022 йил май ойидан бери Қозоғистон чегарасини кесиб ўтмагани ёки Қозоғистон ҳудудини тарк этмаганлигини осонлик билан текшириши мумкин», — дейилади Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев номига юборилган очиқ мактубда.

Мактуб муаллифлари давлат раҳбаридан Қозоғистон ҳудудида «Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларининг сўрови ва бевосита иштирокида» этник қорақалпоқларга нисбатан таъқиб қилинаётганига эътибор қаратишни сўрашган. Имзоловчилар Тўқаевни ҳибсга олинган беш нафар қорақалпоқ диаспораси фаолларига қочоқ мақомини бериш ва уларни ҳеч бўлмаганда уй қамоғига ўтказишда ёрдам беришга чақиришган.

Ўтган йили»“Ўзбекистон талаби билан» қўлга олинган беш нафар фаолдан уч нафари бугунга қадар қўйиб юборилган: 13 сентябрь куни Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жақсимбетов тергов изоляторини тарк этишган. Зиуар Мирманбетова ва Тлеубике Йўлдошева тергов изоляторида қолмоқда.

ℹ️ 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукусда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бунга Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири лойиҳасига Қорақалпоғистонни суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилаётгани сабаб бўлганди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Воқеа жойида 516 киши қўлга олинган, кўплари маъмурий жазога тортилиб, қўйиб юборилган.

Ўтган йил ноябрь ойи охирида Бухорода Нукусдаги тартибсизликлар бўйича суд бошланди. Энг оғир жазо — 16 йил қамоқ жазоси — терговчиларга кўра, оммавий тартибсизликлар ташкилотчиси бўлган адвокат ва журналист Даулетмурат Тажимуратовга берилди.

Шу йилнинг май ойида Ўзбекистонда хорижда яшаётган қорақалпоқлар устидан суд бўлиб ўтди. Иш бўйича айбланувчилар «Алға Қорақалпоғистон» партияси раҳбари Аманбай Сагидуллаев (Норвегияда доимий яшайди) ва Қозоғистоннинг Манғистау вилояти қорақалпоқ этномаданий бирлашмаси раиси Ниетбай Ўразбаев бўлиб, тергов маълумотларига кўра, улар Нукусдаги тартибсизликларга алоқадор бўлишган. Натижада Сагидуллаев сиртдан 18 йилга, Ўразбаев 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди