АҚШ ва Эрон ўзаро маҳбуслар билан алмашишди. Америка ҳукумати Ислом Республикасининг беш фуқаросини, ўз навбатида Эрон ҳукумати беш америкаликни озод қилди. Бу ҳақда CBS телеканали хабар берди.
Айирбошлаш Қатар пойтахти Доҳада 18 сентябрдан 19 сентябрга ўтар кечаси бўлиб ўтган.
Озод қилинган АҚШ фуқаролари орасида Сиамак Намази (Siamak Namazi), Эмад Шарги (Emad Sharghi) ва Морад Тахбаз (Morad Tahbaz) бор, улар Ислом Республикаси суди томонидан жосусликда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. АҚШ расмийларига кўра, озод этилган яна икки америкалик, жумладан бир аёл собиқ БМТ ходими, ўз номини ошкор қилмасликни сўраган.
51 ёшли тадбиркор Намази 2015 йилдан, тадбиркор Шарги ва эколог Тахбаз 2018 йилдан бери қамоқда бўлган.
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Америка расмийлари томонидан эълон қилинган икки эронликнинг исмларини маълум қилди: Меҳрдод Моин Ансорий (Mehrdad Moein Ansari) ва Реза Сархангпур Кафрани (Reza Sarhangpour Kafrani). Нима учун улар АҚШ суди томонидан қамоққа юборилгани аниқланмаган.
Маҳбусларни алмашишдан олдин Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасида Эроннинг Жанубий Кореяда сақланаётган 6 миллиардлик активларини «озод қилиш» бўйича келишув имзоланган.
Эрон Марказий банки раҳбари Муҳаммад Ризо Фарзин давлат телевидениеси орқали гапирар экан, у Қатардаги Ислом Республикаси ҳисобларига озод қилинган маблағлар келиб тушганини тасдиқлади.
Бу 2018 йили мамлакатлар ўртасида муносабатлар ёмонлашганидан сўнг АҚШ ташаббуси билан блокланган Эрон активларининг озод этилиши ва илк бор маҳбуслар билан алмашинишдир.
ℹ️ 2015 йили Эрон ва «олтилик» давлатлари (АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Хитой ва Россия) Ислом Республикасига қарши санкцияларни бекор қилиш эвазига Эрон ядровий дастури бўйича келишувга эришдилар. Унга кўра, Эрон МАГАТЭ инспекторларини ўзининг ядровий объектларига киришига рухсат бериши керак эди, ўз навбатида, Ғарб давлатлари Эронга нисбатан 1979 йилдан бери амалда бўлган санкцияларни босқичма-босқич бекор қилишга ваъда беришган. Бу келишувга АҚШ президенти Барак Обама даврида эришилганди.
2017 йил октабрь ойида Американинг янги президенти Доналд Трамп Эрон ядро дастури бўйича келишув АҚШ манфаатларига мос келишини айтган эди. 2018 йилнинг 8-май куни Трамп мамлакат Эрон ядро дастури бўйича келишувдан чиқишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Эрон 2015 йили эришилган келишувларга зид равишда ядровий қурол яратишни давом этаётгани ҳақида далилларга эга бўлган. Трамп, шунингдек, Теҳронга қарши санкциялар тиклангани ҳақида эълон қилганди.
2020 йил 3 январь куни Бағдод аэропортида АҚШ армияси Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Қосим Сулаймоний бўлган машинага учувчисиз учоқ ёрдамида зарба берди. Натижада Сулаймоний ҳалок бўлди. Бунга жавобан Эрон армияси Ироқдаги Америка базаларига баллистик ракеталар билан ҳужум уюштирди.
Эрон ва Қўшма Штатлар ўртасида «музларнинг эриши» Жо Байден 2021 йилнинг январида Американинг янги президенти бўлганидан кейин бошланган.