«Олтин глобус» совриндори, афғонистонлик режиссёр Сиддиқ Бармак Тошкент кинофестивалида иштирок этади

Сиддиқ Бармак. peoples.ru сайти фотосурати

«Олтин глобус» мукофоти совриндори, афғонистонлик режиссёр Сиддиқ Бармак «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бармак ёш киноижодкорларнинг «Беш кун ичида кино» танловининг ҳакамлар ҳайъати таркибига кирган.

Сиддиқ Бармак ўзининг «Усама» фильми билан «Энг яхши хорижий фильм» номинациясида «Олтин глобус» мукофотини қўлга киритган. У, шунингдек машҳур «Афюн уруши» ва «Ер ва кул» фильмларини суратга олган.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ