Ўзбекистондаги биринчи минтақавий авиакомпания — Silk Aviaнинг эгаси ўзгарди

UZBEKISTAN AIRPORTS Telegram-канали ФОТОСУРАТИ

Президент қарори билан Uzbekistan Airports компаниясининг Silk Avia МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз улуши Uzbekistan Helicopters МЧЖга ўтказилди. Ҳужжат 16 октабрь куни имзоланди, деб хабар беради Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Uzbekistan Airports балансида бўлган 70 ўринли учта ATR 72-600 самолёти Silk Avia балансига ўтказилди. Uzbekistan Helicopters компаниясига Silk Avia паркини тўлдириш, янги йўналишларни ишга тушириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, ички рейслар сонини кўпайтириш вазифаси қўйилган.

ℹ️ Silk Avia Uzbekistan Airports давлат акциядорлик компаниясининг минтақавий шўъба авиакомпанияси сифатида 2021 йил кузида рўйхатдан ўтган. Авиаташувчи жорий йилнинг 20 апрелида эксплуатант сертификатини олган, 25 апрелдан эса мунтазам парвозларни бошлаган.

Silk Avia ички рейсларга ихтисослашган, бироқ халқаро рейсларни ҳам амалга оширади – Қирғизистон (Иссиқкўл аэропорти) ва Қозоғистон (Туркистон)га.

Келажакда Silk Avia хусусий секторга ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида аввал хабар берилган эди.

ℹ️ Uzbekistan Airports 2019 йил охирида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг (Uzbekistan Airports) қайта тузилиши натижасида пайдо бўлган. Мамлакатдаги барча халқаро аэропортларни бошқаради, уларнинг ривожланиши, йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражаси, ҳаво кемалари паркидан фойдаланиш, парвозлар географиясини кенгайтириш ва бошқалар учун жавобгардир.

ℹ️ Uzbekistan Helicopters Uzbekistan Airways таркибий бўлинмаси. Компания 2018 йил ноябрь ойида Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airportsга бўлинган миллий авиакомпанияни қайта ташкил этиш доирасида ташкил этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ