Исломобод ноқонуний муҳожирларни чиқариб юбориш кампаниясини бошлаганидан сўнг, Афғонистондаги гуманитар вазият ёмонлашувига туртки бўлиши мумкин бўлган 374 мингга яқин афғон Покистондан ватанига қайтган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси (ҚОКБ) маълум қилди.
«БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Покистоннинг ҳужжатсиз хорижликлар мамлакатни тарк этиши кераклиги ҳақидаги эълонидан хавотирда, чунки бу буйруқлар афғон фуқароларига, жумладан рўйхатга олинган қочқинларга ва ҳақиқий ҳужжатларга эга бўлган бошқа шахсларга салбий таъсир кўрсатди», — деди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Покистондаги вакили Филиппа Кандлер (Philippa Candler) Женевада бўлиб ўтган брифингда.
«Покистон 2023 йил 3 октабрда ушбу режани [ноқонуний муҳожирларни ҳайдаш] эълон қилганидан бери 374 мингга яқин одам Афғонистонга, асосан қўрқув ва шошқалоқлик билан қайтди. Биз Покистонда афғонларнинг ушланиши, ҳибсга олиниши ва депортацияси сонининг экспоненциал ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз», — деди у.
Афғонларнинг ўз ватанларига оммавий қайтиши «давом этаётган гуманитар инқирозни янада кучайтиради, чунки қишки ҳарорат пасайиб, баъзи жойларда энг паст ҳарорат -4C га етади», деди Кандлер. У «кўплаб қайтиб келган афғонлар ҳимоясиз» эканини, жумладан, «етарли бошпана бўлмаса, қаттиқ қишда ҳалок бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болалар»ни эслатди.
Кандлер сўзларига кўра, Покистондаги афғонлар БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги расмийларига «ҳибсга олинишидан қўрқиб, шошиб кетаётганликларини» айтганлар. Расмий рўйхатга олинган барча афғон қочқинлари қонуний равишда Покистонда қолиши мумкин бўлса-да, улар ҳали ҳам «ваҳима туйғусини» бошдан кечиришган. Бошқарма вакилининг айтишича, «давомли босим» «Покистон ҳукуматидан олинган кафолатларга қарамай, жамоаларда жиддий ташвиш уйғотган».
Қўшимча қилиб ўтамиз, ноқонуний муҳожирлар депортацияси эълон қилинган вақтга келиб, турли ҳисоб-китобларга кўра, Покистонда 1,1 миллиондан 1,7 миллионгача афғон қочқинлари бўлган. Покистон расмийлари уларга 1 ноябргача ихтиёрий равишда Афғонистонга қайтишлари учун вақт берган. 160 минггача афғонлар буни уддалашган. Кейин Покистон қочқинларни мажбуран депортация қила бошлаган.
ℹ️ Афғонистондаги гуманитар инқироз 2021 йил августида «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг авж олди. Аввали афғонларга ёрдам бериб келаётган кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар толиблар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. 600 мингга яқин афғон толиблар қатағонидан қўрқиб Покистонга кетишга мажбур бўлишган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).