Тўқаев КХШТ бўйича ҳамкорларини «ўсиб бораётган таҳдидлар» ҳақида камроқ гапиришга чақирди

akorda.kz сайти фотосурати

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти аъзолари доимо ўзларига нисбатан кучайиб бораётган таҳдидлар ҳақида гапирмаслиги керак. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токўқаев КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши сессияси чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради Оқорда сайти.

«КХШТнинг тактикаси ва стратегиясини яратишда биз, албатта, замонавий воқеликнинг таҳдид ва чорловларини ҳисобга олишимиз керак. Шу билан бирга, менинг фикримча, КХШТга аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдидлар мавжуд бўлса ҳам, кучайиб бораётгани ҳақида доимо гапиришнинг ҳожати йўқ. Ахир таҳдидлар доимо мавжуд бўлган. Бу халқаро ҳамжамиятнинг моҳиятидир.

Ушбу мавзу бўйича тез-тез янграётган гаплар биз кимдандир қўрқяпмиз деган иллюзияни яратади. Бундай баёнотлар мутлақо нотўғри талқин қилиниши мумкин», — деди Тўқаев.

Унинг фикрича, ташкилот риторикаси қаттиқ, аммо ўта тўғри бўлиши керак, «иштирокчи давлатларнинг умумий ҳарбий-сиёсий салоҳияти ва қудратини ҳисобга олинган ҳолда ўзини ўзи қадрлаши лозим».

Шу билан бирга, Тўқаев ҳамкорларнинг анъанавий таҳдидлар даражаси, жумладан, наркотрафик, қурол-яроғ, трансчегаравий жиноятчилик ва ноқонуний миграциянинг ўсиши билан боғлиқ хавотирларини қўллашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон КХШТ давлатлари билан биргаликда бу чақириқларга қарши туришга тайёр.

Sputnik-Беларусь хабарига кўра, худди шу чекланган сессияда Беларусь президенти Александр Лукашенко республиканинг қўшнилари ғарбий флангда тез суръатда қуролланаётганини яна бир бор таъкидлади. Жумладан, Лукашенконинг сўзларига кўра, Польшанинг ҳарбий бюджети «ҳамиртуришдек кўпиб бормоқда» ва келгуси йилда ЯИМнинг 4 фоизини ташкил этиши мумкин. Беларусь раҳбари Киевдан келаётган таҳдидни алоҳида қайд этди.

«Минтақавий можаролар, жумладан, энг сўнгги қурол тизимларини қўллаш билан боғлиқ можаролар ҳар қандай вақтда бошқа мамлакатларга ҳам тарқалиши мумкин. Киевга етказиб берилаётган қурол-аслаҳа қора бозорларга кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Агар Ғарб сиёсатчилари бундан хавотирда бўлмаса, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг назоратсиз ҳаракатланишини нафақат минтақамиз, балки дунёнинг барча давлатлари учун потенциал хавфсизлик таҳдиди деб биламиз. Айниқса ҳозир, Яқин Шарқда янги эпидемия авж олаётган пайтда», — дея унинг сўзларини келтиради БелТА.

Яқин Шарқдаги воқеаларга изоҳ берар экан, Қозоғистон раҳбари улар «алоҳида хавотир» уйғотаётганини таъкидлади. Бу можаро, Тўқаевнинг сўзларига кўра, «глобал ахборот ва мафкуравий қарама-қаршилик спиралини айлантириб, дунё ҳамжамиятини камида иккита лагерга бўлган. «Биз бошиданоқ қарама-қарши томонлар гуманитар пауза эълон қилиш ва ундан узоқ муддатли келишув чораларини ишлаб чиқиш учун фойдаланиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини таъкидлаган эдик. Бундан ташқари, ниҳоят, БМТ шафелигида фаластинликларнинг «Икки халқ учун икки давлат» формуласи бўйича тўлақонли давлат яратиш ҳуқуқини таъминлаш керак. Бундай энг оғир вазиятда БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини қатъий бажариш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш муҳимроқдир», — деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

23 ноябрь куни Минскда КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Йиғилишда Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Қозоғистон президентлари, шунингдек, КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов иштирок этди.

Ташкилот аъзоси бўлган Арманистон Бош вазири тадбирга келишдан бош тортди. Бироқ, Ереванда улар мамлакатнинг Ташкилотдан чиқиши масаласи ҳозирча кўтарилмаганини таъкидлаганлар.

2024 йили Қозоғистон КХШТга раислик қилади. Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдаги сессияси келаси йилнинг тўртинчи чорагида Остона шаҳрида бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ