Қозоғистондан Ўзбекистонга янги темир йўл қурилиши бошланди

primeminister.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон билан чегарадош Дарбоза-Мақтаорол янги темир йўл линияси қурилиши бошланди, деб хабар беради республика Бош вазири сайти.

Темир йўл узунлиги 152 километрни ташкил қилади. Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов телеконференция орқали қурилиш ишларига старт берди.

«Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғи билан республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегараси орқали янги назорат-ўтказиш пункти очилади», — дейилади хабарда.

Лойиҳа икки босқичга бўлинган. Биринчиси, «Сирдарё» станциясига чиқадиган Эрдаут – Мақтаорол – Ўзбекистон давлат чегараси линиясини қуришни назарда тутади. Иккинчи босқичда ушбу станцияга чиқиш имконияти берадиган Ўзбекистон давлат чегараси – Жетисай филиали фойдаланишга топширилади.

Янги темир йўл линияси қурилиши Сариоғош вокзалидаги тирбандликни бартараф этиш ва бутун Ўзбекистон йўналиши бўйича экспорт ҳажмини ошириш имконини беради. Бундан ташқари, лойиҳа Туркистон вилоятини мамлакатнинг асосий темир йўл тармоғига улаш орқали унинг ривожланишига ҳисса қўшади.

«Афғонистон, Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистонга кетаётган юклар ушбу линия орқали тезроқ ўтади. Яна бир эффекти: Сариоғош-Тошкент участкасида кескинлик пасаяди. Сўнгги йилларда у ерда жуда кўп юк бор эди. Бироқ, уларнинг ҳаммаси ҳам ўз вақтида ўтказилмайди, чунки бу кесишма бундай юк оқими учун мўлжалланмаган. Охирги икки-уч йил ичида юклар кескин ошди. Қурилиш ушбу асосий участкадаги тирбандликни бартараф этишга ва йўловчи поездларининг ҳаракатланишига ёрдам беради», — деди темир йўлнинг биринчи участкасини ётқизиш маросимида «НК «ҚТЖ» АК бошқаруви раиси ўринбосари Қанат Алмагамбетов.

Ўз навбатида, Қозоғистон ҳукумати раҳбари йил охирига қадар Ўзбекистон билан юк ташиш ҳажми қарийб 31 миллион тоннани ташкил этиши прогноз қилинаётганини, бу ўтган йилга нисбатан 16 фоизга юқори эканини таъкидлади.

Аввалроқ Қозоғистон раҳбарияти республиканинг транзит салоҳиятини кенгайтириш ниятлари ҳақида бир неча бор гапирган эди. Хусусан, ноябрь ойи ўрталарида Хитойдан Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига юкларнинг транзит вақтини сезиларли даражада қисқартиришга мўлжалланган Олмаота вилоятида Олмаота вокзалини четлаб ўтувчи Жетиген – Қозибек бек темир йўл линияси қурилиши бошланганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ