РФ ИИВ ноқонуний мигрантларга автомобиль ҳайдаш ва пул жўнатишни тақиқлашни таклиф қилди

1prime.ru сайти фотосурати

Россия Ички ишлар вазирлиги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди, унга кўра, мамлакатда ноқонуний бўлган мигрантларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, машина ҳайдаш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда таҳририятда мавжуд ҳужжатга таяниб, ТАСС хабар беради.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи моҳиятан «назорат остидаги ташриф» тушунчасини — Россияда ушбу мамлакатда яшаш учун қонуний асосларсиз ёки рухсат олиш учун ариза беришда нотўғри маълумот берган чет эл фуқаросига нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий режимни жорий қилишни таклиф қилмоқда.

ИИВ ташаббусига кўра, чет эл фуқароси тўғрисидаги маълумотлар тегишли реестрга киритилган кундан бошлаб у назорат остидаги режимда бўлган ҳисобланади.

Бунга РФда қонуний яшаш муддатининг тугаши, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, визани бекор қилиш тўғрисидаги қарор, қочқинлик ёки фуқаролик мақоми асос бўлиши мумкин.

Ноқонуний мигрантлар учун қуйидаги чекловларни ўрнатиш режалаштирилмоқда:

❌ юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар рўйхатидан ўтиш;

❌ кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш ёки бегоналаштириш;

❌ кўчмас мулкни кадастр рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олиш, транспортни давлат рўйхатидан ўтказиш;

❌ ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар топишириш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш;

❌ банк ҳисоб рақамларини очиш ва пул ўтказиш;

❌ никоҳдан ўтиш.

Вазирлик таъкидлаганидек, назорат остидаги фуқаролар ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар. Масалан, улар ҳуқуқий режим ўрнатилиши сабаблари тўғрисида маълумот сўрашлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишлари мумкин. Шу билан бирга, бундай чет элликлар миграция хизматини ўзларининг жойлашуви, яшаш жойини ўзгартириши ва Россиядан мустақил равишда чиқиб кетиши мумкинлиги тўғрисида хабардор қилишлари шарт. Яшаш қоидалари бузилган тақдирда, ноқонуний муҳожирлар депортация қилинади ёки махсус ҳибсхонага жойлаштирилади.

ТАСС аниқлик киритишича, ИИВ миграция масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи Валентина Казакованинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда ноқонуний хорижликларни аниқлаш ва Россия ҳудудини улардан «тозалаш»га олиб келади. Мулозимга кўра, мамлакатда 6,4 миллион мигрант истиқомат қилади, уларнинг аксарияти Россияга ташриф буюриш мақсадини «ишлаш» деб кўрсатган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ