ЕИ санкциялар бўйича махсус вакили: Қозоғистондан Россияга товарлар реэкспорти давом этмоқда

Дэвид О'Салливан. europa.eu сайти фотосурати

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О′Салливан Қозоғистонга Россияга бир қатор товарлар реэкспортини қисқартиришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди, деб ёзади Forbes.kz.

Бироқ, О′Салливаннинг таъкидлашича, «айрим бошқа товарлар» реэкспортида ўсиш кузатилган. «Ушбу товарларнинг умумий ҳажми Қозоғистоннинг савдо айланмасида нисбатан кичик улушни эгаллайди ва йилига атиги 200 миллион еврони ташкил этади», — деди у Остонадаги матбуот брифингида ва гап ҳажмда эмас, балки «қийматда» эканлигини таъкидлади.

«Бизга маълумки, бу товарлар Россия Федерациясининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун ишлатилади, шунинг учун биз уларнинг реэкспортини тўхтатишни талаб қиламиз», — деди вакил. — Булар асосан юқори технологиялар билан боғлиқ товарлар. Бу ерда гап интеграл микросхемалар, оператив хотира, оптик кўринишга эга ускуналар ҳақида кетмоқда».

О′Салливаннинг Қозоғистонга келиши унинг бу йилги иккинчи ташрифи бўлади. 29 ноябрь куни у Ўзбекистонга боради. Бунгача Европа Иттифоқининг махсус вакили Арманистон, Қирғизистон, Сербия, БАА ва Туркияда бўлган. «Бу сафарларнинг барчасидан мақсад мазкур мамлакатларни биз киритган санкцияларга қўшилишга ёки қабул қилишга ишонтириш эмас, балки уларнинг юрисдикцияси, ҳудуди санкцияларни четлаб ўтиш ва Россия Федерацияси ҳарбий-саноат комплексига хизмат кўрсатиш платформаси сифатида фойдаланилмаслиги учун улар билан гаплашишдир», — дея О’Салливан сўзларини келтиради ТАСС.

Махсус вакил, шунингдек, Европа Иттифоқи Қозоғистон билан муносабатларни ижобий томонга ривожлантиришни ва яқинроқ ҳамкорликни йўлга қўйишни исташини билдирди. «Биз санкциялар яқинроқ ва чуқурроқ ҳамкорлигимизга тўсиқ бўлишини истамаймиз», — дея қўшимча қилди у.

Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари илк бор 2014 йили жорий қилинган ва шундан сўнг йилига икки марта – январь ва июль ойларида – олти ойга узайтирилиб борилади. 2022 йил 24 февралдан бошлаб, Россия Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилганидан сўнг, ушбу режим доирасида 11 та чекловчи чора-тадбирлар пакети жорий этилди. Бироқ, оммавий ахборот воситалари ёзганидек, Россияга етказиб бериш тақиқланган товарлар ушбу мамлакатга МДҲдаги қўшнилари орқали кириб келмоқда.

Сентябрь ойи охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германияга ташрифи чоғида Остона Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар режимига амал қилишини айтган эди. Шу билан бирга, 20 октабрь куни Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги мамлакат расмийлари Россияга қарши санкциялар муносабати билан РФга товарлар киритилишига ҳеч қандай тақиқ қўймаганини маълум қилди. Ўшанда вазирлик Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солиш Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома қоидаларига тўлиқ мос келишини тушунтирганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ