Қозоғистон халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра Совет Иттифоқидан ажралиб чиқмаган, шунинг учун мамлакатни «бутунлай ҳуқуқий хусусиятга эга бўлмаган» ҳудуд деб ҳисоблаш мумкин, деди Россия Давлат Думаси депутати Евгений Федоров «Газете.Ru» нашрига. У Петропавловскдаги «Меҳнаткашлар халқ кенгаши» аъзоларининг сепаратизмда эмас, балки экстремизмда судланиши кераклигини таъкидлаб, суд ҳукмига шундай изоҳ берди. Федоров ўз мулоҳазаларида «юридик фактдан, бошқа ҳеч нарсадан» фойдаланмаслигини таъкидлаган.
«Менимча, Россия халқаро ҳуқуқнинг ҳудудий яхлитлиги устунлиги позициясига қайтиши ва муаммо ҳуқуқий текисликда ҳал этилмагунча мустақил Қозоғистон билан халқаро ҳуқуқ позициясидан муайян геосиёсий чекловларга таянган ҳолда муносабатларни қуриши керак. Мен унинг мустақил бўлишга, давлатчиликка эга бўлишга ҳақли, деб ҳисоблайман.
Қандай чекловлар? Масалан, НАТОга қўшилмасин, Россияга қарши ҳарбий ривожланиш ва буни таъминлайдиган халқаро характердаги тегишли воситалардан фойдаланмасин», — деди у.
Бир кун аввал Мажилис (Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси) Федоровнинг баёнотларига эътибор қаратган. Депутат Марат Башимов россиялик ҳамкасби «13 ёшли бола интеллектига эга» лиги ва унинг «сўзлари тарихга зид» эканини таъкидлаган. «У фактларни беадаблик билан манипуляция қиляпти ва СССР парчаланиши жараёни қандай кечганлиги ҳақида атайлаб сукут сақлаяпти. Шу билан бирга, Федоров ўз президентининг расмий сиёсатига қарши чиқяпти», — дея депутат сўзларидан иқтибос келтиради Kursiv.kz.
Башимов Россия қонунчилик ҳокимияти вакилларининг бундай изоҳларини ўринсиз деб атайди. «Федоров ва унга ўхшаганларнинг барча руҳий жароҳатлари оммавий ахборот воситалари ва парламентда эмас, балки психиатр қабулида ҳал қилиниши керак», — дейди у.
Кейинчалик Федоров Россиянинг NEWS.ru нашри орқали Башимовга жавоб бераркан, унинг ҳақлигини исботлайдиган биронта ҳам ҳуқуқий далил келтирмаганини, бунинг ўрнига уни «ҳақоратламоқчи» бўлганини айтган. «Шундай қилиб, унинг қонуний далиллари йўқлиги аён бўляпти. Гап Россиянинг Қозоғистон билан дўстлигига шубҳа туғдириш ҳақида эмас, балки сўзларим юридик факт борасида маълумот беришдан иборат эди», — дея хулоса қилади Давлат Думаси депутати.
Эслатиб ўтамиз, Евгений Федоровнинг Қозоғистон ҳақидаги баёнотлари илк бор жанжалга сабаб бўлаётгани йўқ. Масалан, 2020 йили у республика ҳудудларнинг бир қисмини ижарага олганини, СССРдан чиққанидан сўнг бу ерларни қайтаришга мажбур эканини таъкидлаганди. У, шунингдек, «Қозоғистон билан ягона давлатни тиклаш» ташаббусини илгари суриб, қозоғистонликларни «Россия Федерацияси фуқароси бўлишга» даъват қилганди.