Ўзбекистон Президенти аралаш сайлов тизимига ўтиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аралаш сайлов тизими – мажоритар-пропорционал сайлов тизимига ўтиш тўғрисидаги конституциявий қонунни имзолади. Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.

Шу пайтгача Ўзбекистонда мажоритар сайлов тизими қўлланилган бўлиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган ҳисобланади. Бундан ташқари, барча номзодлар мамлакатда фаолият юритаётган партиялар вакили бўлиши керак.

Пропорционал тизимда овоз бериш партиялар рўйхати бўйича ўтказилади, унинг натижалари депутатлик мандатларини ҳар бир партия олган овозлар сонига мутаносиб равишда тақсимлаш тамойили билан белгиланади.

Ўзбекистон Сайлов кодексига янги қонун билан киритилган ўзгартишларга кўра, парламент Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари эса пропорционал тизимдан фойдаланган ҳолда сиёсий партиялар учун берилган овозлар асосида (номзодлар рўйхати учун овоз бериш) ягона сайлов округлари бўйича сайланади.

Бунда хотин-қизлар сони бир мандатли сайлов округлари бўйича сиёсий партиялардан, шунингдек, партия рўйхати бўйича депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши шарт. «Партия рўйхатидаги ҳар беш номзоддан камида иккитаси аёл бўлиши керак», — дея тушунтиради Адлия вазирлиги. Илгари «аёллар квотаси» 30% бўлган.

Пропорционал тизим бўйича сайланадиган Қонунчилик палатаси депутатларининг мандатлари 7 ва ундан ортиқ фоиз овоз олган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади. Агар шундай натижани фақат битта партия қўлга киритса, у ҳолда энг кўп овоз олган иккинчи партиядан номзодлар депутат бўлишлари мумкин бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ