Россия элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди

Захар Прилепин. Видеоёзув скриншоти

Россиянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олег Малгинов 21 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди. Бунга ёзувчи, «Справедливая Россия – За правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини РФ таркибига қўшиб олиш таклифи сабаб бўлди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

«Учрашув давомида Россия вакилига «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда «Справедливая Россия – за правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди», — дейилади ТИВ хабарида.

Вазирликнинг таъкидлашича, дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган баёнотлари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига тўғри келмайди.

«Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деб таъкидлайди ТИВ.

Ўз навбатида, Олег Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

Элчи «Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган»лигини билдирган.

Олег Малгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этган.

ℹ️ Бир кун аввал ўз тузилмалари қўмондонлари бирлашган кенгаши йиғилишида Прилепин Россияга ишлагани келаётган меҳнат мигрантларининг юртларини қўшиб олиш тарафдори эканини айтган эди.

«Аслида, мен бизга келаётган гастарбайтерлар ҳудудларини бутунлай қўшиб олиш ва рус тилини ўша ерларда ўргатиш кераклигини чин дилдан ёқлайман. Бу ерда эмас, ўша ерларда ўқитиш учун, масалан Ўзбекистонда. Мен ҳазиллашаётганим йўқ», — дейди Прилепин.

У, шунингдек «Биз Совет Иттифоқини қайта тиклаш мавзусини кўтарамиз ва бу бизга исталган вақтда «сизнинг икки миллион фуқароингиз бизнинг ҳудудда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз, чунки кўпчилик аллақачон шу ерда, ҳаттоки бунга овоз беришган», дейишга имкон беради», деб таъкидлади.

«Ёки бошқача шакл ўйлаб топиш мумкин. Киевдаги параддан сўнг Евроосиё ҳудудида бирор фойдали нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким», — дейди Прилепин.

Россиялик сиёсатчининг сўзлари Ўзбекистон парламенти депутатлари Бобур Бекмуродов ва Иномжон Қудратов эътиборидан четда қолмади. Улар Ўзбекистон суверен давлат эканлигини, ўз мустақиллигидан воз кечмаслигини эслатиб ўтишди.

Бекмуродов Россия ҳукуматини «иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва батамом чек қўйишга» чақирди. Қудратов Ўзбекистон мустақил ва суверен давлатлигини, уни босиб олишга, ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини эслатиб ўтди. Бундай «сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмайди», дейди у.

Собиқ депутат Расул Кушербаев «Прилепин ва Ўзбекистонни босиб олмоқчи бўлаётган бошқаларга биринчидан, ўз тилида «пошёл на х...», деб жавоб қайтарди. У «Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаётгани ва бу хавотирли» эканини айтади афсусланиб.

«Расмий Кремл мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватни қўзғаётган бу каби шовинистларга нисбатан қонуний чоралар кўриши керак. Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади», — деди Кушербаев.

Унинг фикрича, «Шимолий Кореани ракета учирганидан ташвишга тушадиган Ташқи ишлар вазирлиги ҳеч бўлмаса ҳозир уйғониб, бу бўйича расмий Нота юбориши керак».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ