Путин депортация қилинаётган чет эл фуқароларини махсус муассасаларда сақлаш муддатини чеклади

Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Россиядан чиқариб юбориладиган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар депортация тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатга вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланади. Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган тегишли қонун расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Энди Россиянинг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси янги модда (27.19.1) билан тўлдирилди ва унда илк бор чет эл фуқароларини махсус муассасада сақлашнинг аниқ муддати белгиланган.

Унга кўра, РФдан маъмурий чиқариб юбориш шаклидаги жазо қарорини ижро этиш имкони бўлмаган пайтда мамлакатдан чиқариб юбориладиган шахсларни сақлаш муддати суд ижрочиси ёки ички ишлар бошқармаси ваколатли мансабдор шахсининг илтимосига биноан судя томонидан 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Судя илтимосномани келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида кўриб чиқиши шарт.

Қонунда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (ФБШ)нинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақлашнинг қонунийлиги ва асослилигини текшириш учун судга мурожаат қилиши кўзда тутилган.

Aгар судя Россиядан депортация қилишни шахсий ҳаётни ҳурмат қилиш ҳуқуқини ҳаддан ташқари чеклаш ва маъмурий жазо мақсадларига номутаносиб деб топса, у ҳолда айбланувчи 40 минг рублдан 50 минг рублгача (434 доллардан 543 долларгача) жаримага ёки 200 соатгача бўлган муддатга мажбурий меҳнатга тортилиши мумкин.

Бу ФБШни қабул қилишга тайёр давлат бўлмаган ҳолатларга ҳам тегишли бўлади. Бундай ҳолда, судя чет эллик ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Россияда яшаш муддатини, унинг оилавий аҳволини, Россия солиқларини тўлашга бўлган муносабатини, мамлакатда даромад ва уй-жой билан таъминланганини, қонунга бўйсунувчи хатти-ҳаракатларини, Россия фуқаролигига қабул қилиш учун ариза берганини, фаолият тури ва касбини ҳисобга олиши керак бўлади.

Aммо қонун лойиҳасига кўра, депортацияни жарима ёки мажбурий меҳнат билан алмаштириш куйидаги чет элликлар учун имконсиздир:

🟠 расмий спорт тадбирларида томошабинларнинг ўзини тутиш қоидаларини бузган;

🟠 ноанъанавий жинсий алоқалар ва (ёки) уларни мақуллашни тарғиб қилиш, жинсини ўзгартириш учун маъмурий жавобгарликка тортилган;

🟠 педофилияни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган;

🟠 вояга етмаганлар ўртасида ноанъанавий жинсий алоқалар ва (ёки) уларни мақуллашни, вояга етмаганларнинг жинсини ўзгартириш истагини уйғотиши мумкин бўлган маълумотларни тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган;

🟠 РФдан назорат остида мустақил равишда чиқиб кетиш шаклида Россия Федерациясидан маъмурий чиқариб юбориш шаклида маъмурий жазони ижро этишдан қочган шахслар.

Бундан ташқари, Россия Федерациясида фуқаролиги бўлмаган шахсга вақтинчалик гувоҳнома берилган бўлса, шахс қачқин деб тан олинган бўлса ёки шахсни қочқин деб тан олиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилаётганига оид гувоҳномаси бўлса, шунингдек унга вақтинчалик бошпана берилган бўлса депортация тўғрисидаги қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Чет эллик ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг тайинланган маъмурий жаримани тўламагани ва (ёки) судя томонидан юкланган мажбуриятларнинг мавжудлиги унинг мамлакатдан чиқариб юборилишига тўсиқ бўлолмайди.

Қонун, шунингдек, агар чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва йўл ҳаражатлари учун маблағлари бўлган тақдирда судянинг РФдан маъмурий депортация қилиш тўғрисидаги қарорини зудлик билан ижро этиш имкониятини тақдим тади.

Қонун лойиҳаси Россия ҳукумати томонидан 2017 йил ноябрь ойида Давлат Думасида кўриб чиқиш учун таклиф қилинган. Орадан олти йил ўтиб, 2023 йил 15 декабрда парламент қуйи палатаси мазкур ҳужжатни учинчи ўқишда қабул қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ