Самарқанд халқаро аэропорти Европанинг энг яхши кичик аэропортлари бешлигидан ўрин олди

Silk Road Samarkand фотосурати

Самарқанд халқаро аэропорти йўловчи ташиш ҳажмининг ўсиши бўйича Европанинг энг яхши минтақавий ва кичик аэропортлари бешлигидан жой олди. Бу ҳақда Халқаро аэропортлар кенгашининг (Airports Council International, ACI Europe) Европа бўлими хабар берди.

Октябрь ойи охирида Самарқанд аэропорти йилига 100 мингдан 1 миллионгача йўловчиларга хизмат кўрсатиш аэропортлари тоифасида тўртинчи ўринни эгаллади. Самарқанд ҳаво портидаги ўсиш 2019 йил октабрь ойига нисбатан 139 фоизни ташкил этган. 2023 йилнинг 10 ойи якунлари бўйича эса Самарқанд аэропорти 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 103,7 фоизга ўсиш билан учинчи ўринни эгаллаган.

«Жорий йил охиригача аэропорт ўзининг тарихий максимал кўрсаткичини енгиб, бир миллион йўловчига хизмат кўрсатишни режалаштирмоқда», — дейилади аэропорт матбуот хизмати хабарида.

ℹ️ 2021 йили қиймати қарийб 83 миллион долларлик лойиҳа доирасида Самарқанд аэропорти реконструкция қилинди.Бу ерда учиш-қўниш йўлаги қайта қурилди, соатига 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатувчи янги терминал, замонавий энергия тежовчи ёритиш ускуналари ва ИКAО тоифасига мос иккинчи даражали қўниш тизими қурилди. 2022 йили аэропортда Ўзбекистонда биринчи марта E-gates автоматик чегара назорати тизими ишга туширилди.

Aэропортнинг йўналишлар тармоғи кенгайди: жорий йил бошидан 7 та ички ва 20 та халқаро йўналишларда парвозлар амалга оширилди. Биринчи марта Самарқанддан Тель-Aвив, Урумчи, Жидда, Қувайт, Измир, Минералние Води, Урганч, Уфа, Самара бўйлаб рейслар пайдо бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ