Кузбассда 2024 йил 1 январидан бошлаб мигрантларни бир неча соҳаларда ишлашга жалб этиш тақиқи кучга киради. Тегишли қарорни Кемерово вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Илья Середюк имзолаган.
Ҳужжатга кўра, тадбиркорлик субъектларига меҳнат патентига эга хорижий фуқароларни болалар овқатлари ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга жалб этиш тақиқланади. Шунингдек, мигрантларни такси ва автомашиналарда ҳайдовчи бўлиб ишлашга, меҳмонхона хўжалигига, ишга жойлаштириш ва кадрлар танлаш, барча даражадаги таълим муассасаларига, умумий ва махсус тиббий амалиётга, косметология, массаж салонлари ва бошқа соҳаларга жалб қилиш тақиқланади.
Ҳудуддаги корхоналарга ўз ишини қарор талабларига мувофиқлаштириш учун уч ой муддат берилади.
Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, ҳозирда Кузбассда жами 8 мингга яқин мигрант патент билан ишламоқда.
Илгари чет эл фуқаролари учун худди шундай тақиқлар Курган, Магадан ва Тула вилоятлари раҳбарияти томонидан киритилган эди. Ноябрь ойи бошида Челябинск вилоятида хорижликларнинг такси ва автобусларни бошқаришига қўйилган тақиқ 2024 йилгача узайтирилди. Худди шундай чеклов Тюмен вилоятида ҳам амал қилади (тақиқ кейинги йил учун ҳам узайтирилган).
Ўтган йил кузида «Справедливая Россия — За правду» («Aдолатли Россия – Ҳақиқат учун») партияси етакчиси Сергей Миронов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига чет эл фуқароларининг мактаб, транспорт ва тиббиёт муассасаларида ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этганди. Ҳужжат Дума маълумотлар базасида жойлаштирилган. Ушбу қонун лойиҳасининг амалга оширилиши Россия Федерацияси фуқароларини қўшимча иш билан таъминлашга имкон беради, деб ҳисоблайди ташаббус муаллифлари. Улар, шунингдек, муҳожирлар иштирокида йўл-транспорт ҳодисалари, жумладан, ўлим ҳолатлари кўпайганига ишора қилишган.