«Ферғона» журналисти Александр Рыбин оламдан ўтди

Александр Рыбин. «Фарғона» архив фотосурати

Ҳамкасбимиз, «Фарғона» журналисти, ҳарбий мухбир, Яқин Шарқ ва Афғонистон бўйича эксперт Александр Рыбин вафот этди.

Александр Рыбинга нима бўлгани ҳақида батафсил маълумот ҳозирча мавжуд эмас.

Маълумки, Сашанинг жасади Ростов вилоятининг Шахти шаҳри яқиндаги шоссе ёнида топилган.

У Мариуполь сафаридан сўнг уйига қайтаётган эди, у ердан Саша 30 декабрь куни YouTube-каналидаги «Рабкор» кўрсатувида эфирга чиққанди.

Эфир давомида Рибын шаҳарни қайта қуриш жараёнини танқид қилган. Саша Марказий Осиёдан Мариуполга ишлаш учун келган ишчилар мавзусига ҳам тўхталган. Журналист Москвага етиб келгач, меҳнат мишрантлари ёрдамида вайрон бўлган Мариуполни қайта қураётган субпудратчилар мавзусида батафсил материал тайёрлаб, чоп этишга ваъда берганди.

«РИА Новости»нинг Ростов вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, жасадни текшириш чоғида Сашанинг шахсий, қимматбаҳо буюмлари ва банк карталари топилган. Бу унинг ўлими жиноий характерга эга эмаслигини англатади.

Дастлабки маълумотларга кўра, Саша юрак хасталигидан вафот этган. «Жасадни ёриб текшириш натижасида ўлим сабаби кардиомиопатия эканлиги аниқланди», — дейди манба.

Александр Рыбин нашримиз учун юздан ортиқ мақола ва минглаб хабарлар ёзган. Александрнинг сўнгги муаллифлик материали «Фарғона» сайтида 25 декабр куни эълон қилинган — бу Афғонистонда ҳазора дала қўмондони Хўжа Мозорий хотирасининг йўқ қилинаётгани ҳақидаги материал.

🔹Александр Рыбин 1983 йили СССРнинг Калинин вилоятида туғилган. Тверь давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Саудия Арабистони, Эфиопия, АҚШ, Туркия, Эрон, Афғонистон, Сурия, Тожикистон, Ўзбекистонда яшаб ижод қилган. Марказий Осиё ва Яқин Шарқ бўйича кўплаб мақолалар муаллифи. Журналистларга бериладиган мукофотлар совриндори. Кўпгина рус нашрлари билан ҳамкорлик қилган. 2017 йилдан буён қисқа танаффуслар билан «Фарғона»да доимий асосда ишлаб келаётган эди.

Агентлигимиз таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Яратган раҳматига олган бўлсин сени, Саша.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ