Афғонистон ҳукумати давлат бошқарувига доир жамоатчилик фикрини йиғиш кампаниясини бошлади

Ахборот ва маданият вазири вазифасини бажарувчи Хайруллоҳ Хайрхва. Tolonews сайти фотосурати

Толиблар* ҳукуматининг Ахборот ва маданият вазирлиги Афғонистонда давлат бошқарувига доир жамоатчилик фикрини йиғиш кампаниясини бошлади. Бу ҳақда Tolonews хабар берди.

Кампания «Илғор ва масъулиятли ҳукумат» (Prosperous and responsible government) деб номланади. Унда Афғонистон фуқаролари, таҳлилчилар, сармоядорлар ва ижтимоий фаоллар иштирок этиб, улардан ҳукумат вакилларига доир ўз фикрларини билдиришлари сўралади. Кампания қанчалик кенг тарқалиши аниқланмаган.

Шимолий-ғарбий Ҳирот вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда сўзлаган Ахборот ва маданият вазири вазифасини бажарувчи Хайруллоҳ Хайрхва (Khairullah Khairkhwa) Афғонистон ҳукумати ҳеч бир фуқаронинг ҳуқуқларини поймол этмаётганини айтган. Ҳар бир инсон ўз муаммолари ва истакларини давлат идоралари вакиллари билан бўлишишга ҳақли.

«Ислом амирлиги халқ учун яратилган. Ҳар ким хоҳлаган жойига бориб, муаммосини тушунтира олади», — деган Хайрхва.

Унинг қўшимча қилишича, барча давлат ташкилотлари зиммасига одамлар муаммоларини тезроқ ҳал этиш масъулияти юкланган.

«Бизнинг идора ва ташкилотларимиз тек турмаслиги лозим. Одамларнинг биздан ҳафсаласи пир бўлмаслиги керак», — деган Ҳирот губернатори Нур Аҳмад Исломжар.

ℹ️ «Толибон»* радикал ҳаракати 2021 август ойи ўрталарида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган. Толиблар ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Халқаро ҳамжамият радикаллардан Афғонистондаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари, шунингдек, толиблар даврида ҳуқуқлари жиддий чекланган аёллардан иборат янги коалиция ҳукуматини тузишни талаб қилмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ