Россия толибларга ҳукумат таркибига бошқа сиёсий кучларни ҳам киритишни тавсия қилди

vestikavkaza.ru сайти фотосурати

Россия «Толибон»*га ҳукмрон тузилмаларга бошқа сиёсий кучларни ҳам таклиф қилишни тавсия қилади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия дипломатиясининг 2023 йилги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

Вазирнинг таъкидлашича, Россиянинг Кобулдаги элчихонаси толиблар* билан алоқаларни тўхтатмаган, жумладан, Афғонистон янги ҳукуматини дунёда тан олиниши учун ҳал қилиниши керак бўлган масалалар бўйича.

«Бу, биринчи навбатда, берган ваъдаларнинг бажарилиши, асосийси инклюзив ҳукуматни яратиш, унда нафақат этник пуштунлар, бошқа барча этник гуруҳлар вакиллари бўлишидан ташқари сиёсий инклюзивлик ҳам бўлиши лозим. Чунки пуштунлар, ўзбеклар, тожиклар, ҳазоралар бор, лекин сиёсий жиҳатдан улар толиблардир. Биз толибларга бошқа сиёсий кучларни ҳукмрон тузилмага таклиф қилишни тавсия қиламиз», — деди Лавров.

Сиёсатшунос ва Афғонистон бўйича эксперт Андрей Серенко РФнинг бундай тавсияси Москванинг Афғонистон миллий қаршилик фронти (АМҚФ) ва Афғонистон Озодлик (АРФ) фронти вакиллари ўртасидаги очиқ ва парда ортидаги алоқалари натижасидир, деб тахмин қилади.

«Аслида, Москва Афғонистон муваққат ҳукуматини (энди нафақат толиблар ҳукумати сифатида) тан олиш учун сиёсий инклюзивликни шарт қилиб қўйди», — дейди Серенко.

ℹ️ «Толибон»* радикал ҳаракати 2021 йил август ойи ўрталарида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган. Толиблар ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Халқаро ҳамжамият янги ҳокимиятдан Афғонистондаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари, шунингдек, толиблар даврида ҳуқуқлари жиддий чекланган аёллардан иборат коалицион ҳукумат тузишни талаб қилмоқда. Ўтган йили Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев «Толибон»ни танқид қиларкан, «толиблар ҳокимиятга келганидан кейин берган деярли барча ваъдалари: халқаро террористик ташкилотларга қарши кураш, инклюзив ҳукумат тузиш, наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва контрабандага қарши кураш ва бошқалар, — бажарилмаган», —деганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ