18-19 февраль кунлари Қатар пойтахти Доҳада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Афғонистон бўйича халқаро йиғилиш бўлиб ўтади. Унга Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон»* радикал ҳаракати раҳбариятининг вакиллари таклиф этилган. Бу ҳақда толиблар ҳукумати раҳбари ўринбосари Мавлавий Абдул Кабир (Mawlawi Abdul Kabir) маълум қилди, деб хабар беради Tolonews.
Нашрнинг ёзишича, Доҳадаги учрашув ҳақида БМТ бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик (Stephane Dujarric) брифингда маълум қилган. Унга кўра, Ташкилотга аъзо давлатларнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, фуқаролик жамияти вакиллари ва Афғонистон аёллари Қатар пойтахтида йиғилади.
«Учрашувдан кўзланган мақсад Афғонистонда халқаро ҳамкорликни мамлакатни мустақил баҳолаш тавсияларини инобатга олган ҳолда изчил, мувофиқлаштирилган ва тизимли тарзда қай тарзда амалга оширишни муҳокама қилишдир», — дейди Дюжаррик.
Абдул Кабир Норвегиянинг Муваққат ишлар вакили Пол Клоуман Беккен (Paul Klouman Bekken) билан бўлиб ўтган учрашувда Доҳадаги учрашув маълум бўлди. Томонлар қизлар таълими ва бошқа сиёсий масалаларни муҳокама қилган. Беккен дунё Афғонистонни унутмаганини ва бу мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилиш учун февраль ойида катта йиғилиш ўтказилиши режалаштирилаётганини таъкидлаган. Норвегия дипломати Кобулдаги янги ҳокимиятдан қизлар ва аёлларга таълим олиш ва иш билан таъминлаш имкониятларини тақдим этишни сўраган.
Абдул Кабир Афғонистон Ислом Амирлиги (толиблар қўлга киритган мамлакатни шундай атайдилар – «Фарғона» изоҳи) қизларнинг таълим олишига қарши эмаслигини ва бу масала билан махсус қўмита шуғулланаётганини айтган. У Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга таҳдид қилиш учун фойдаланилмаслиги ва Ислом Амирлиги ҳамма билан яхши муносабатда бўлишни исташини ишонтирган. Абдул Кабир Европа давлатларини Кобулдаги элчихоналарини қайта очишга чақирган.
ℹ️ БМТ шафелигида Афғонистон бўйича аввалги йиғилиш 2023 йил 1 май куни бўлиб ўтган. Унда дунёнинг турли давлатларидан, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистондан вакиллар иштирок этган. Бундан ташқари, унда БМТнинг Афғонистондаги миссияси раҳбари Роза Отунбаева ва яқинда ушбу мамлакатдаги вазиятни мустақил баҳолаш бўйича тайинланган махсус координатор, Туркиянинг БМТдаги собиқ доимий вакили Фиридун Синирлиўғли иштирок этган.
Ўшанда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистон дунёдаги энг йирик гуманитар инқирозни бошидан кечираётганини таъкидлаганди: мамлакат аҳолисининг учдан икки қисми, 28 миллион киши шошилинч ёрдамга муҳтож. Афғонларнинг 97 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди. Мамлакатда 6 миллион одам «очлик жарлиги ёқасида». Шу билан бирга, Гутерриш БМТ афғонларга бу йили ёрдам бериш учун сўралган 4,6 миллиард долларнинг атиги 6,4 фоизини олганини айтганди.
Учрашувга толиблар вакиллари таклиф қилинмаган. Шундан сўнг Гутерриш Афғонистоннинг амалдаги раҳбарияти билан учрашиш имкониятидан бош тортмаслигини, «вақти келганда... Лекин бугун ўша вақт келмагани» ни айтган.
Ўз навбатида, толибларнинг Доҳадаги сиёсий идораси раҳбари Суҳайл Шоҳин (Suhail Shaheen) Associated Press агентлигига Афғонистоннинг янги ҳукумати музокараларни рад этганини айтганди.
«Агар улар бизни эшитишга ва бу масалалар бўйича позициямизни билишга тайёр бўлмасалар, қандай қилиб ишончли ва мақбул ечимга келишлари мумкин? Бир томонлама қарорлар ҳеч нарсага олиб келмайди. Афғонистон мустақил давлат. Унинг ўз овози бор; овозимизни эшитишларини истаймиз», — деганди. Шоҳин.
Кейинроқ у «Толибон» вакиллари Доҳадаги учрашувда қатнашмаганидан норозилигини билдирганди.
«Биласизки, БМТ вакили Кобулда ҳукумат расмийлари билан музокаралар олиб бормоқда, бироқ гап бундай анжуманга келганда, бизни таклиф қилишмайди. Биз ишонамизки, бу афғон муаммоларига ечим эмас ва [бундай учрашувлар] натижаси самарали бўла олмайди», — деган Шоҳин.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).