Покистоннинг собиқ Бош вазири Имрон Хон ва бу мамлакатнинг собиқ Ташқи ишлар вазири, «Теҳрик-э-Инсаф» партияси раиси ўринбосари Шоҳ Маҳмуд Қурейши давлат сири билан боғлиқ «шифрлаш иши» бўйича ҳар бири 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Покистоннинг Dawn.com нашри хабар берди.
««Шифрлаш иши» Покистоннинг АҚШдаги собиқ элчисининг мактубига тааллуқлидир, унинг мазмуни Имрон Хон томонидан 2022 йил март ойида Исломободдаги тарафдорлари митингида унинг ҳокимиятдан четлатилгани фитна экани ҳақидаги даъвосини исботлаш учун қисман ошкор қилинган. Имрон Хоннинг сўзларига кўра, АҚШ расмийлари Покистон ҳукуматидан уни Украина бўйича руслар позициясида бўлгани туфайли бош вазирликдан четлатишини истаган ва Покистонга нисбатан муносабатини яхшилашга ваъда берган. Ўшанда Қурейши Ташқи ишлар вазири сифатида Бош вазирга етказган кўплаб «сирларни» билишини айтган.
▶️ Бу 71 ёшли Имрон Хоннинг бир йилдан камроқ вақт ичида олган иккинчи ҳукми: 2023 йил 5 августида у коррупция иши бўйича уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Сиёсатчи устидан суд жараёни кетаётган пайтда мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтди.
ℹ️ Собиқ спортчи ва профессионал крикетчи Имрон Хон 1996 йили «Теҳрик-э-Инсаф» партиясига асос солгач, республикадаги энг машҳур сиёсатчилардан бирига айланган. У 2018 йил августидан 2022 йил мартигача Покистон Бош вазири лавозимида ишлаган. Ўша йил апрель ойида унга нисбатан ишончсизлик вотуми қабул қилинган ва у Бош вазир лавозимидан маҳрум бўлган.