ОАВ: Қурбон Бердиев соғлиғи сабабли Махачқалъанинг «Динамо» клубини тарк этади

Қурбон Бердиев. sport-express.ru сайти фотосурати

Туркманистонлик мутахассис Қурбон Бердиев яқин орада Махачқалъанинг «Динамо» клуби бош мураббийи лавозимини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда «Матч ТВ» хабар берди.

Россиялик журналистлар унинг нима сабабдан кетишига аниқлик киритмаяпти, бироқ Қозоғистоннинг «ЖаркоВштрафной» телеграм канали Бердиевнинг соғлиғи сабабли кетаётгани ҳақида хабар берди.

«Махачқалъаликлар машғулот ўтказаётган Туркияда машҳур мураббийнинг юраги касал бўлиб қолди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Махачқалъанинг «Динамо» клуби президенти Гаджи Гаджиев Бердиев клубни тарк этмагани ва жамоа билан Туркиядаги йиғинда эканини маълум қилди.

«Унинг кетиши мумкинми? Бу дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин, аммо ҳозир у жамоада. Ҳозир машғулот ўтказаётган бўлиши керак. Мураббий кетиши борасида клуб расмий баёнот бермаслиги бизда бўлмайди. Биз эса Қурбон Бекиевич билан шунчаки хайрлашмаймиз — у бундай даражада эмас. Клуб унга қилган барча ишлари учун миннатдор. Бизда мураббийга нисбатан ҳурматимиз энг юқори даражада», — дейди Гаджиев championat.com мухбири билан суҳбатда.

«Фарғона» маълумотига кўра, мураббий фаолиятини Озарбайжонда давом эттириши мумкин.

Бердиев ўтган йил июль ойи ўрталарида жамоага янги бош директор Шамил Газизов келиб қўшилганидан сўнг «Динамо»ни бошқарган эди.

Қурбон Бердиев асли ашхободлик. Футболчи сифатида Ашхободнинг «Колхозчи» ва Олма-Отанинг «Қайрат» жамоаларида жуда муваффақиятли ўйнаган. 90-йиллари у икки марта Олма-Ота клубини бошқарган, Қозоғистон чемпионлигини қўлга киритган. Туркманистон терма жамоаси билан ишлаган. 2004 йилдан 2017 йилгача тўрт йиллик танаффус билан Қозоннинг «Рубин» клуби вице-президенти лавозимида ишлаган. Шунингдек, у «Рубин»ни бошқарган ва уни икки марта Россия чемпионатига олиб чиққан, бир марта кубок ва икки марта мамлакат Суперкубогини қўлга киритган. Бердиев бошчилигида илк бор «Ростов» Россия чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритган ва Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўл олган.

У 2021 йили «Қайрат»га Кузатув кенгаши раиси маслаҳатчиси сифатида қайтган, кейин эса жамоанинг асосий таркибини бошқарган. Унинг қўл остида «Қайрат» мамлакат кубогини қўлга киритди ва илк бор еврокубокларнинг гуруҳ босқичига йўл олди. Унинг қўл остида олмаоталиклар Қозоғистон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритишди.

2022 йил июнь ойида мазкур клубни тарк этгач, у Эроннинг «Терактор Сази» клубини бошқарган ва у билан олти ойдан кам вақт ишлаган. 2022 йили декабрида «Сочи» ФК бош мураббийси этиб тайинланган, лекин шу йил апрель ойида мураббий билан тузилган шартнома бекор қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ