МХДҚ Бишкек иссиқлик электр станцияси учун 3 миллиард сўмга тендерсиз кўмир сотиб олингани бўйича жиноий иш қўзғади

TODAY.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Бишкек бошқармаси 2023-2024 йиллардаги иссиқлик мавсуми учун пойтахт ИЭС учун кўмир харид қилингани бўйича жиноий иш қўзғади. Шартнома тендерсиз тузилган, унинг суммаси 3,2 миллиард сўмдан ортиқни (тахминан 36,5 миллион доллар) ташкил этган, деб ёзади Kaktus.media разведка хизматидаги манбаларига таяниб.

Нашрнинг аноним суҳбатдошини аниқлик киритишича, иссиқлик электр станциясидаги авариядан бир кун аввал МХДҚ ходимлари воқеа жойида тинтув ўтказган. Эслатиб ўтамиз, 2 февралга ўтар кечаси 14-қозонхонаси ёнида портлаш содир бўлган ва бу ёнғинга сабаб бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг маълум қилишича, ўтган йил биринчи ярмида «Электр станциялари» ОАЖ Бишкек иссиқлик электр станциясига кўмир етказиб бериш бўйича тендер эълон қилган. Танловда иштирок этиш учун маҳаллий «Гефест» компанияси ва Қозоғистоннинг «Джетта Строй ЛТД» корхонаси томонидан аризалар топширилган.

Қирғизистонликлар пойтахт энергетикларига Қозоғистоннинг Шубаркўл конидан (бу ерда у Шабиркўл деб аталади) 2,92 миллиард сўмга (32,6 миллион доллар) 550 минг тонна кўмир таклиф қилишган. Қўшни республика компанияси умумий юк қиймати қарийб 2,88 миллиард сўм (32,2 миллион доллар) бўлган Қарағанда кўмирини худди шу ҳажмда жўнатишга тайёр бўлган, бу эса рақобатчилардан 34,6 миллионга (деярли 400 минг доллар) арзон бўлган.

Тендер комиссияси Қозоғистон етказиб берувчиларини танлов ғолиби деб тан олади. Бироқ «Электр станциялари» тендер натижалари эълон қилинмаган ва бир мунча вақт ўтгач, харидлар тартиб-қоидалари ва «махфийлик тамойиллари» бузилганлиги сабабли танлов натижалари бутунлай бекор қилинган.

Ўшанда Қирғизистон оммавий ахборот воситалари Энергетика вазирлиги мутасаддилари маълум имтиёзларга эга бўлган «Гефест» билан тўғридан-тўғри шартнома тузишни режалаштираётганини тахмин қилганди. Шундай ҳам бўлди – 2023 йил ёзида томонлар қўшимча тендер ўтказмасдан, 3,26 миллиард сўмлик (36,5 миллион доллар) шартнома имзолайди.

Kaktus.mediaнинг қўшимча қилишича, «Гефест» компанияси парламентнинг собиқ депутати Жанибек Абировнинг отаси Болотбек Абировга тегишли бўлган. Боз устига, унинг собиқ корхонаси «Рассвет компани» Бишкек ИЭСга кўмир етказиб бериш билан боғлиқ можароларда, мамлакатни президент Алмазбек Атамбаев бошқарган пайтларда иштирок этган.

Қайд этиш жоиз, пойтахт иссиқлик электр станциясида юз берган авария натижасида 60 мингга яқин хонадон иссиқлик таъминотисиз ва иссиқ сувсиз қолгани муносабати билан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров биринчилардан бўлиб авария сабабларини гапирган эди. Унинг тахминига кўра, гап қозонхоналар учун ёқилғи сифатига боғлиқ.

«Авваллари ИЭСда Қора-Кечи кўмир ёқилган. Бу хом кўмир. Калория таркиби 3800 ккал / кг. Ўтган йили Шабиркўлни сотиб олдик. Ёқилғи тоза, калория миқдори 5500 ккал/кг. Мен мутахассис эмасман, лекин менимча, улар бу кўмирнинг калория таркибини ҳисобга олмаганлар ва аввалгидек қиздирганлар. Балки шундан ҳарорат кўтарилиб, портлаш содир бўлгандир», — дея ўз фикри билан ўртоқлашган республика раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди