Бу йили Қирғизистон олий ўқув юртларида барча абитуриентлар қирғиз тилидан тест топширади

kloop.kg сайти фотосурати

2024 йилдан олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи абитуриентлар учун Умумреспублика тест синовлари (УТС) натижаларига кўра қирғиз тили бўйича тест топшириш мажбурий бўлади. Бу ҳақда Таълим ва фан вазирлиги (ТФВ) раҳбари ўринбосари Муратбек Қосималиевга асосланиб, 24.kg нашри хабар берди.

Тегишли буйруқни 7 февраль куни вазир Дўғдурқул Кендирбаева имзолади, деб ёзади Kaktus.media.

Таълим ва фан вазирлиги УТС тестини топшираётган барча абитуриентлар, қайси тилда топширишидан қатъи назар, давлат тилини билиш даражасини алоҳида тасдиқлаши лозимлигини айтди. Бусиз улар асосий ва фан тестлари натижаларини ололмайдилар. Бу талаб 2023 йил июль ойида имзоланган «Давлат тили тўғрисида»ги янги қонунга мувофиқ жорий этилган.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, давлат тили бўйича имтиҳон натижалари ўқишга кириш учун танлов натижаларига таъсир қилмайди, бироқ бу талабанинг мажбурий олий таълим дастурида «қирғиз тили» фанидан қайси гуруҳга ўқишга киришини аниқлаш учун зарур бўлади.

2023 йили Таълим ва фан вазирлиги УТСда қирғиз тилидан мажбурий имтиҳон ҳали ўтказилмаслигини маълум қилди, бироқ шунга ўхшаш пункт давлат тилини ривожлантириш дастурида бор.

ℹ️ УТС олий ўқув юртларига ҳам грант ўринларига, ҳам шартнома асосида таълимнинг барча шаклларига – кундузги, сиртқи ва кечки бўлимларга қабул қилиш учун мажбурийдир. Унинг натижалари фақат маданият ва санъат олий ўқув юртларининг айрим мутахассисликларига ҳамда жисмоний тарбия ва спортнинг айрим мутахассисликларига ўқишга киришда талаб қилинмайди. Тест синовлари пулли: ўтган йили асосий ва барча танланган тестлар учун рўйхатдан ўтиш тўлови ҳар бири учун 470 сўмни (тахминан 5 доллар) ташкил этган. УТСда иштирок этиш учун рўйхатга олиш одатда февраль ойида бошланади, тестнинг ўзи май ойида ўтказилади.

2015 йили давлат тили билимини имтиҳон қилувчи «Қирғизтест» электрон тизими ишлаб чиқилган. 2020 йили олий ўқув юртларига ўқишга киришда давлат тили бўйича билимларни тест синовидан ўтказиш мажбурий бўлиши режалаштирилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати