Қирғиз депутатлари шов-шувга сабаб бўлган «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқишга юборди

24.kg сайти фотосурати

Норасмий равишда «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун деб аталмиш «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўрилиши учун Жўқорғу Кенеш (парламент) қўмиталарига қайта кўриб чиқишга юборилди. Бу ҳақдаги қарор парламентнинг 14 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида бир овоздан қабул қилинди, деб ёзади Kaktus.media спикер ўринбосари Нурланбек Азигалиевга таяниб.

Азигалиевнинг аниқлик киритишича, Конституциявий қонунчилик, давлат тузилмаси, суд-ҳуқуқ масалалари ва қонунчилик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Чингиз Ажибоев мазкур қонунни қайта кўриб чиқишга қайтаришни таклиф қилган.

«Биласизми, биз бу қонун лойиҳасини бир неча бор кўриб чиқдик. Депутатлардан таклифлар келиб тушган. Энди биз уни яна бир бор қўмиталарда синчиклаб кўриб чиқишга ҳақлимиз. Ўйлайманки, қонун лойиҳаси ташаббускорлари ҳам халқнинг фикрига қулоқ солади», — деган парламент вице-спикери.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен қонун лойиҳаси юзасидан хавотир билдирган эди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ундан республиканинг ички ишларига аралашмасликни сўраганди.

ℹ️ «Хорижий вакиллар» тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2014 йили Жогорку Кенешнинг уч депутати томонидан илгари сурилган. 2016 йил май ойида жамиятда узоқ ва қизғин муҳокамадан сўнг учинчи ўқишда рад этилган. 2023 йил май ойида Нодира Нарматова бошчилигидаги 33 нафар депутатлик гуруҳи парламентга яна шунга ўхшаш (таҳлилчилар фикрича, айни) қонун лойиҳасини киритган.

Қонун лойиҳаси асосан нотижорат ташкилотларни хорижий агент сифатида рўйхатдан ўтишга мажбурлаш, давлат органларига уларнинг ички ишларга аралашиш ҳуқуқини бериш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.

У билан боғлиқ шов-шувлардан сўнг қонун лойиҳасини тақдим этган депутатларнинг бир қисми ўз имзоларини қайтариб олишган. Жорий йилнинг январь ойида Жогорку Кенешнинг тегишли қўмитаси қонун лойиҳасини икки ўқишда маъқуллаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди