Қозоғистонда одамларни жанубдан шимолга ихтиёрий кўчириш дастури муваффақиятсизликка учрагани тан олинди

Ustinka.kz сайти фотосурати

Қозоғистонликларни жанубдан шимолга ихтиёрий кўчириш дастури кутилган натижани бермади. Бу ҳақда Сенат спикери Маулен Ашимбаев ҳукумат соати чоғида маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.

«Таъкидлаш жоиз, айрим ҳудудларда ижтимоий-демографик ва иқтисодий номутаносиблик сақланиб қолаётгани муаммолардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда жанубий, ғарбий вилоятлар ва мегаполисларда аҳоли сони сезиларли даражада ошиб бормоқда. Шимолий вилоятларда эса аксинча, пасайиш тенденцияси кузатилмоқда», — дейди Ашимбаев ва кейинги бир неча йил ичида Шимолий Қозоғистон, Павлодар ва Қўстанай вилоятларида аҳоли сони камайганини қўшимча қилади.

«Шу ўринда тан олиш лозим, жанубдан шимолга ихтиёрий кўчириш дастури кутилган натижани бермади. Умид қиламизки, Сенатда кўриб чиқилаётган янги миграция қонуни ишчи кучи ҳаракатчанлигини ошириш бўйича янги рағбатлантириш чораларини кўриб чиқади», — деди Сенат спикери.

Қозоғистонда аҳолини кўчириш бўйича бир нечта дастурлар мавжуд, улар ҳақида «Фарғона» бир неча йил олдин батафсил ёзган. Афтидан, Маулен Ашимбаев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан 2017 йилдан бери амалга оширилаётган «Еңбек» (таржимада «меҳнат») самарали бандлик дастурини назарда тутган. У 2021 йилгача муддатни ўз ичига олган. Кейинчалик «Еңбек» 2025 йилгача узайтирилди, аммо давлат дастуридан у миллий лойиҳага айланди.

Дастур амалга оширилган беш йил давомида 34 мингга яқин киши мамлакатнинг меҳнат ресурслари кўп бўлган ҳудудларидан ишчи кучи етишмайдиган ҳудудларга (асосан шимолий ҳудудларга) кўчирилган. Уларнинг 17 мингга яқини меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар бўлиб, уларнинг ўртача 76 фоизи янги ҳудудларга кўчиришнинг биринчи йилида ишга жойлаштирилган.

Мазкур лойиҳани мониторинг қилиш даврида 600 га яқин оила Шимолий Қозоғистон вилоятидаги янги жойларига илдиз отолмай, ўз ҳудудларига қайтган.

Дастур шартларига кўра, давлат муҳожирларга нафақат иш топишда, балки уларни кўчириш, квартира ижараси ва биринчи йил учун коммунал тўловларни тўлашда ҳам ёрдам берган. Ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлганлар кредит ва грантлар олган.

2014 йилдан бери ёшлар учун фаол фойдаланилаётган яна бир дастур «Серпін – 2050» («сакраш» маъносини беради) деб номланади. Бу дастур шимолий ҳудудлардаги олий ўқув юртлари ва коллежларда малака ошириш ва кейинчалик у ерда жанубий вилоятлардан келган ёшларни ишга жойлаштиришга қаратилган. Бироқ, оммавий ахборот воситалари «серпин» чиларнинг муаммоларини бир неча бор эслатиб ўтган — баъзи битирувчилар шимолий университетларда бепул таълим олиб, жанубга — уйларига кетишган. Бошқалар иш топишда қийинчиликларга дуч келишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?