Толиблар: Одамларни суратга олаётган журналистлар катта гуноҳга қўл ураётган бўладилар

report.az сайти фотосурати

Суратга олиш билан машғул оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари катта гуноҳ қилаётган бўлади. Бу ҳақда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг диний сиёсат бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Ҳошем Шаҳид Врор (Mohammad Hashem Shahid Wror) маълум қилди, деб хабар беради Khaama.com.

«ОАВ ходимлари бутун вақтларини суратга олишга сарфламасликлари керак, чунки бу катта гуноҳ ва улар вақти келиб Парвардигор олдида жавоб беришади», — деган Шаҳид Врор.

Мулозим соқол олишни ҳам катта гуноҳ деб атаган.

«Соқол ўстириш мажбурий, уни кесмаслик керак. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам соқол қўйишлари ва соқол олишдан сақланишлари лозим. Лекин улар соқолларини олдириб гуноҳ қилишда давом этмоқдалар ва коррупция мавзусига катта эътибор беришяпти», — дейди Шаҳид Врор.

Аввалроқ Қандаҳор губернатори мулла Ширин Охунд (Mullah Shirin Akhund) вилоятдаги барча муассасаларга расмий ва норасмий йиғилиш ва маросимларни суратга олишни тақиқловчи ёзма кўрсатма юборган эди.

ℹ️ 2023 йили толиблар қош теришни, гўзаллик салонлари фаолиятини, аёлларнинг эркак шифокорлар томонидан даволанишини ва галстук тақилишини тақиқлаган эдилар. Шаҳид Врор тушунтирганидек, галстуклар насронийликнинг рамзидир.

«Галстук нима? Бу хоч. Хоч Исо шаҳид бўлгани рамзидир. Шариат уни бузишга ва йўқ қилишга буюради», — деган у.

Шу билан бирга, амалдор фақат диний таълим мажбурий эканини таъкидлаб, замонавий таълим зарурлигини рад этган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ